«Боқиманда одамга ёрдам бермаслик керак» — Сирдарё ҳокими

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Сирдарё ҳокими Эркинжон Турдимов таъкидлашича, вилоятда ишга лаёқатли одамлар орасида ишлашдан кўра нафақа талаб қиладиганлар кўпайиб бормоқда.

Erkinjon turdimov

Сирдарёда ўтган халқ депутатлари сессиясида ҳоким Эркинжон Турдимов аҳоли орасида ишсизлик ўсиб, кўплар боқимандалик кайфиятига берилаётганини кескин танқид қилди.

Ҳоким таъкидлашича, Сирдарёда бошқа вилоятларга нисбатан иш билан таъминлаш имкониятлари кўпроқ. Бироқ кўплаб аҳоли мавжуд бўш иш ўринларидан бехабар қолмоқда. Шу боис кўплаб мутахассислар қўшни вилоятлардан келиб шу ерда меҳнат қилмоқда.

Турдимовнинг сўзларига кўра, маҳалла раислари ва масъуллар ишчи кучини жалб қилишда етарли ҳаракат қилмаяпти. «Кун ўтса бўлди» дейдиган раҳбарлар ҳам борлигига урғу берди. У ишсизлик ортиши одамларни «боқимандалик кайфиятига» олиб келаётганини таъкидлади.

Ҳокимнинг фикрича, ишга яроқли одамларга нафақа ёрдами берилмаслиги керак. Унинг таъкидлашича, баъзилар уч миллион сўмлик маошни «кам» деб ишга киришишдан бош тортмоқда. «Ким кўпроқ маош хоҳласа, билим олиши, мутахассис бўлиши шарт. Диплом эмас, амалий билим муҳим», деди Турдимов.

У шунингдек, аҳоли орасида «фақат бер», дея ёрдам кутадиганлар кўпайганини қайд этди. Ҳокимнинг таъкидлашича, ҳақиқий камбағал билан боқиманданинг фарқи бор: камбағал ишлай олмайди, лекин боқиманда ишлашдан қочади. Шунинг учун «ишлайдиган одамга ҳақ бериш, ишламаса — катта кўча» тамойилини жорий этиш зарурлигини билдирди.