Россия Давлат Думасида рубл курсини 1 доллар учун 100 рубл атрофигача тушириш таклифи янгради. Бу ҳақда молиявий бозор бўйича қўмита раиси Анатолий Аксаков «Парламентская газета»га берган интервюсида маълум қилди.
Аксаковнинг сўзларига кўра, ҳозирги курс иқтисодиёт учун самарали эмас, чунки россияликлар ҳали ҳам катта ҳажмда импорт маҳсулотларини сотиб олиш имконига эга. Унинг таъкидлашича, «рублни заифлаштириш маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги рақобат имкониятларини очади».
Унинг фикрини «Сбербанк» раҳбари Герман Греф ҳам қўллаб-қувватлаган — у ҳам доллар ва рубл ўртасидаги «100:1» курсни «энг қулай» деб атаган.
Расмий маълумотларга кўра, санкциялар ва тўлов муаммоларига қарамасдан, Россия ойига 25–30 млрд долларлик импорт маҳсулотларини олиб кирмоқда. Бу кўрсаткич урушгача бўлган даражадан анча фарқ қилмайди, ҳатто Путин томонидан берилган импортни кескин қисқартириш топшириғига қарамасдан.
Путиннинг 2030 йилгача мўлжалланган миллий ривожланиш мақсадларида импорт улушини ЯИМнинг 17 фоизигача тушириш белгиланган. Бу кўрсаткич ҳозирги пайтда 20 фоизи атрофида сақланмоқда.
Аксаковнинг таъкидлашича, рублнинг тушиши иқтисодиёт учун манфаатли бўлиши мумкин, аммо ҳозирча бундай ўзгариш кутилмаяпти. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги макроиқтисодий шароитлар бунинг учун қулай эмас.