Бу ҳақда Германиянинг Welt нашри Европа комиссиясига таяниб хабар берди. Маблағлар ҳар ойда турли ҳажмда етиб келган — январ ойида 3 млрд евро, мартда 1 млрд евро, апрелда 3,1 млрд ва май, июн ҳамда июл ойларининг ҳар бирида 1 млрд евродан.
Шу пайтгача эълон қилинган сўнгги транш 22 август куни амалга оширилди. Бу маблағ Украина мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган ёрдам пакети (4,05 млрд евро)нинг бир қисми бўлди. Европа комиссияси тушунтиришича, мазкур ёрдам G7 давлатлари томонидан берилган қарз асосида амалга оширилмоқда. Қарз эса Россия активларидан олинаётган фоиз даромадлари билан қопланади.
Европа Иттифоқи 2022 йил феврал ойидан буён Украинага умумий қиймати 168,9 млрд евро бўлган инсонпарварлик, молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатган. Айни пайтда Россия активларининг катта қисми — тахминан 210 млрд евро Бельгияда жойлашган Euroclear депозитарийсида музлатилган ҳолда сақланмоқда.
Шунга қарамай, Россия активларини тўлиқ мусодара қилиш масаласида Европа иттифоқчи давлатлари орасида ҳануз бир тўхтамга кела олмаган. Германия канцлери Фридрих Мерцнинг таъкидлашича, бундай қадам фақат қонуний асос мавжуд бўлсагина амалга оширилиши мумкин.
Россия президенти Владимир Путин эса бунга қатъий қарши чиққан ва бундай ҳаракатларни «ўғрилик» деб атаб, жавобсиз қолмаслигини таъкидлаган.