Лавров Зеленскийнинг мақоми ва Россиянинг мақсадлари ҳақида гапирди

08:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров NBC телеканалига берган интервюсида Зеленскийнинг мақоми, Украина ҳудудлари ва Москва мақсадлари ҳақида кескин баёнотлар билдирди.

Lavrov

Унинг сўзларига кўра, Володимир Зеленский ҳозирда юридик жиҳатдан легитим шахс эмас ва Украина можароси бўйича ҳеч қандай ҳужжатга имзо қўя олмайди.

«Биз уни де-факто режим раҳбари деб тан оламиз. У билан шу мақомида учрашишга тайёрмиз. Иш юридик ҳужжатларни имзолашга етиб борганида имзо қўядиган шахс легитим бўлиши кераклигини ҳамма тушуниши керак. Украина конституциясига кўра, ҳозирда Володимир Зеленский легитим эмас» — деди Лавров .

Лавровнинг фикрича, Россиянинг асосий мақсади хавфсизликни таъминлаш ҳамда Украина ҳудудидан Россияга таҳдид келтирмасликдир. Шунингдек, у рус тилида сўзлашувчилар ва ўзини рус маданиятига тегишли деб биладиганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни Москва учун муҳим вазифа сифатида кўрсатди.

«Россиянинг ҳудудларга қизиқиши йўқ, Москвани Донбасс ва Новороссияда яшаётган одамларнинг тақдири қизиқтиради. Украинага хавфсизлик кафолатлари бўйича Россия манфаатлари ҳисобга олинадиган якдил келишув бўлиши керак. Москва бунда 2022 йилдаги Истанбул музокараларида эришилган келишувларга асосланиш керак деб ҳисоблайди. Россия коллектив хавфсизлик масаласи унинг иштирокисиз ҳал этилишига рози бўлмайди” — дейди интервюда.

Шунингдек, у Будапешт меморандуми Украинага ҳеч қачон ядро қуроли билан ҳужум қилмаслик кафолатинигина берганини таъкидлади. Зеленский эса 2022 йил январда ядродан воз кечишни хато деб атаган ва қайтадан ядро қуролига эга бўлиш ҳақида сўз очгани ҳам ёдга солинди.

Лавров Европа давлатлари ҳаракатларини танқид қилиб, уларнинг тинчликка интилаётганига ишонмаслигини билдирди.