Павел Дуров: «Францияда 4 кун қамалдим, ҳалигача жазо санасини кутяпман»

08:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Telegram асосчиси Павел Дуров Франция полицияси томонидан бир йил аввал 4 кунга ушланганини эслаб, бу воқеани «ҳуқуқий ва мантиқий жиҳатдан абсурд» деб баҳолади.

Pavel durov1

Унинг таъкидлашича, у Telegram’дан жиноий мақсадларида фойдаланган одамлар билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, асоссиз ушлаб турилган.

Дуровнинг сўзларига кўра, унга қарши Францияда очилган «жиноий тергов» ҳануз якунланмаган ва унда Telegram ёки шахсан Дуров томонидан амалга оширилган бирор ҳуқуқбузарлик исботланмаган. Унинг таъкидлашича, платформанинг модерация амалиёти саноат стандартларига тўлиқ мос келади ва Telegram Франциядан олинган барча расмий сўровларга ўз вақтида жавоб берган.

Қизиғи шундаки, Дуров ўзнинг қамоқда ўтиришини Франция полициясининг ўзи йўл қўйган хато билан боғламоқда. Унинг таъкидлашича, полиция 2024 йил августга қадар Telegram’га мурожаат юборишда Франция ва Европа қонунларида белгиланган расмий юридик тартибни инкор қилган.

Ушбу воқеадан бир йил ўтган бўлса-да, Павел Дуров ҳар 14 кунда Францияга қайтиб келишга мажбур. Унга нисбатан ҳеч қандай апелляция санаси белгиланмаган. «Афсуски, бу ҳибснинг ягона натижаси Франциянинг эркин давлат сифатидаги имижига катта зарар етказди», — деб ёзади у.

Дуров ўз Телеграм каналида эълон қилган баёнотини «Биз курашда давом этамиз ва ғалаба қозонамиз», деган сўзлар билан якунлаган.