Ўзбекистонда ҳомийлик хайрияларини йиғиш қонунан тартибга солиниб, қоидабузарликлар учун жарима белгиланди. ЎРҚ–1083-сонли қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, хайрия йиғишда қонун талабларини бузганфуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилди.
Эндиликда ҳомийлик хайриялари олдиндан эълон қилинган муддат давомида ва аниқ ҳомийлик олувчилар манфаати учун амалга оширилиши шарт. Бу жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида нақд пул шаклида хайрия йиғиш фақат махсус қути орқали амалга оширилиши мумкин.
Қонунга биноан, хайрия қутиси шаффоф бўлиши, пломбаланиши ва тегишли шахслар томонидан имзоланиб муҳрланиши лозим. Пломбалар рақамланган ҳолда қўлланилиши шарт. Шу билан бирга, банк ҳисобварақларига пул ўтказиш орқали хайрия қабул қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда давом этади.
Янги тартиб ҳомийлик маблағларини йиғишда шаффофликни кучайтириш, суиистеъмол ҳолатларини олдини олиш ва хайрия жараёнида ишончни оширишга қаратилган.