Самарқандда чиқинди ташиш учун электр мотороллерлар ишга туширилди

11:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда чиқиндиларни ташиш жараёнида электр мотороллерлардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Янги тизим дастлаб Самарқанд шаҳрида тажриба тариқасида синовдан ўтказилмоқда.

Elektr motoroller

Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан 21–22 август кунлари Самарқандда матбуот тури ташкил этилди. Унда 20 дан ортиқ ОАВ вакиллари янги техникаларнинг имкониятлари билан танишди.

Мотороллерлар тўсикли ва тор кўчаларда чиқиндиларни самарали ташиш имконини беради. Масъулларнинг айтишича, улар санитар тозалаш хизмати ходимлари учун қулай ва иқтисодий жиҳатдан тежамкор ҳисобланади. Шунингдек, аҳоли учун ҳам хизмат сифатини ошириши кутилмоқда.

Икки кишилик салонга эга электр мотороллерлар ёз ва қиш шароитида ишлашга мослаштирилган бўлиб, иситиш ва совитиш тизимлари билан жиҳозланган. Бир тонна чиқиндиларни 60–80 км масофага ташиш имконияти мавжуд. Уларда 150 амперли 72 волтли қувватлагич ўрнатилган.

Анъанавий бензинли мотороллер 6 литр ёқилғи сарфлаб 100 км масофада 1 тоннагача чиқиндиларни таший олади. Электрли вариант эса атроф-муҳит учун хавфсиз бўлиб, углерод чиқиндиларини кескин камайтиради. Бундан ташқари, барча техникаларга бир йиллик кафолат берилади.