23 августдаги геолокация билан тасдиқланган кадрлар Михайливкада украин қўшинларининг мавжудлигини кўрсатди. Михайливка бироз аввал Россия армияси назоратида бўлиб турувди.
Украина Бош қўмондони Олександр Сирский бир неча муваффақиятли қарши ҳужумлардан сўнг мазкур ҳудуд озод қилинганини расман маълум қилди. Шунингдек, Мирнийга жанубдан ва Миролюбивка томон шимолдан илгарилаш ҳам қайд этилган.
АҚШдаги Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари Покровск йўналишидаги жорий вазиятни таҳлил қилиб, Украина кучларининг бир неча фронтларда устунликка эришганини таъкидлади. Сирский Украина қўшинлари Владимирка аҳоли пунктига ҳам кириб борганини маълум қилди.
Россия томонига қарашли баъзи телеграм каналлар ва ҳарбий блогерлар Малинивка атрофида Украина қўшинлари ҳеч қандай олға силжишга эришмаганини таъкидламоқда. Бироқ бошқа манбалар Мирний қишлоғи ҳам Россия қўшинларидан озод этилганини билдирмоқда.
Маълумотларга кўра, Украина қўшинлари Новоэкономическедаги позициялар устидан назорат ўрната олгани боис Мирнийга кириб боришга муваффақ бўлган. Шунингдек, 23–24 август кунлари Золоте Колодец, Кучерив Яр, Владимирка ва Михайливкада кучли жанглар кузатилган.
Ҳозирча Украина Қуролли Кучлари Красний Лиман, Мирноград жануби ва Удачне қишлоғининг шимолий четидаги позицияларини мустаҳкам сақлаб турибди.