«Халқ банки» суюнчи пули бўйича тарқалган хабарларга раддия берди

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «Халқ банки» фарзанд туғилганда бериладиган суюнчи пуллардан қолган қисмни ўзлаштирмоқда, деган хабарлар тарқалган эди. Банк ҳолат юзасидан маълумот берди.

Xalq banki

Ижтимоий тармоқларда Халқ банк филиалидан ёки «Xazna» мобил иловаси орқали олиш мумкин бўлган суюнчи пули миқдори эски сумма бўйича, яъни 811 965 сўм ( 1 155 000 сўм * 70.3%) ҳолатда турганлиги ва бунга асосий сабаб, «Xazna» мобил иловаси янгиланмаганлиги, шундай йирик банк битта мобил иловани янгилаш имконини қилолмайдими ёки бунинг ортида суммани кам миқдорда бериб, қолганини ўзлаштиряптими, деган мазмундаги хабарлар тарқалган эди.

Муҳокамалар айнан «Xazna» мобил иловасида суюнчи пули миқдори эски сумма — 811 365 сўм ҳолатида қолгани билан боғлиқ бўлди. Чунки 2025 йил 1 августдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилган ва фарзанд туғилганда бериладиган нафақа пули ҳам 893 513 сўмга етказилган эди.

Халқ банки матбуот хизмати бу бўйича раддия берди. Унга кўра, суюнчи пули миқдорини белгилаш ёки тайинлаш банк ваколатига кирмайди. Бу маблағ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тайинланиб, молиялаштирилади, банк эса фақат тўловни амалга оширади.

Банк изоҳида таъкидланишича, фарзанд 1 августга қадар туғилган бўлса — эски тартибда 811 365 сўм, 1 августдан кейин туғилганида эса янги миқдордаги 893 513 сўм тўлаб берилади. «Xazna» иловасининг янгиланиши ёки янгиланмаслиги пулингиз амалда олишга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», дейилган раддияда.

Халқ банки оммавий ахборот воситалари ва блогерларни холис маълумот тарқатишга чақирди ва асоссиз хабарлар учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганини эслатди.