«Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–140-сон, 21.08.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонда суд ишларини қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиб, босқичма-босқич электрон тарзга ўтказиш белгиланган. Судга ариза берган шахс сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг эҳтимолий натижасини ва харажатларини олдиндан билиши мумкин бўлади. Бу эса мурожаатларнинг самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг вақт ҳамда маблағини тежашга хизмат қилади.
Шунингдек, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади, ҳужжатлар эса автоматик равишда шакллантирилади. Бу жараён учун зарур техник инфратузилма яратилади, Олий суд ахборот тизимида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилади. Судьялар ва ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш мақсадида «Киберхуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказилади.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан фуқаролар, адвокатлар ва юристлар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади. Йил якунигача суд ҳужжатларини автоматик тайёрлайдиган дастур яратилиши режалаштирилган. 2026 йилдан my.sud.uz порталининг янги интерактив хизматлари ишга туширилади. Сунъий интеллект асосидаги виртуал маслаҳатчи фуқароларга ҳуқуқий масалаларда йўл-йўриқ кўрсатади ҳамда суд маълумотларини автоматик етказади.
Шунингдек, «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–141-сон, 21.08.2025 й.) ҳам қабул қилинди.
Унга кўра, судялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилади. Бу академия судьялар тайёрлаш ва амалдагиларнинг малакасини оширишда марказий ўрин тутади. Академияда номзодлар 6 ойлик қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида ўқитилади. Тингловчиларга судья ёрдамчиси ойлик иш ҳақига тенг стипендия тўланади. Аттестациядан муваффақиятли ўтганлар бўш судьялик лавозимларига танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Академияда амалдаги судьялар учун ҳам янги малака ошириш тизими жорий этилади. 5 йиллик муддатга тайинланганлар ҳар икки йилда, 10 йиллик муддатга тайинланганлар ҳар уч йилда, Олий суд судьялари эса ҳар уч йилда камида бир ҳафталик курсларда ўқитилади. Самарадорлиги паст судьялар учун эса навбатдан ташқари малака ошириш белгиланади.
2026/2027 ўқув йилидан Академияда «Суд фаолияти» мутахассислиги бўйича магистратура дастури очилиб, юқори малакали суд кадрлари тайёрланади. Бу орқали мамлакатда одил судловга эришиш тизими янада такомиллашиши кутилмоқда.