Қирғизистоннинг Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти ходимлари «Дўстлик» назорат-ўтказиш пунктида орқали қовунларни олиб киришда фитосанитария талаблари бузилганини аниқлаган. Бу ҳақда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумот берди.
Ўнга кўра, «Дўстлик» назорат-ўтказиш пунктида Ўзбекистондан Ўшга олиб борилаётган қовунлар текширилганда қоидабузарлик аниқланган. Юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳолда қовунлар сомон устида ташилгани маълум бўлган.
Мутахассислар сомон фитосанитар хавфи юқори бўлган маҳсулотлар рўйхатига киришини, унинг орқали амброзия, аччиқмия ва зарпечак каби зарарли ўтлар уруғлари тарқалиши мумкинлигини таъкидлади. Шу боис, бундай маҳсулотларни олиб кириш учун тегишли ҳужжатларда қайд этиш ва хавфсизликни тасдиқлаш талаб қилинади.
Аниқланган ҳолатдан сўнг, назоратчилар барча 21 тонна қовунни юборувчига қайтаришга қарор қилган. Вазирликка кўра, бу Ўзбекистондан келган қовунларнинг Қирғизистондан қайтарилиши билан боғлиқ илк воқеа эмас.
Жорий йил феврал ойида ҳам 14 тонна қовун сомон устида ташилгани сабабли киритилмаган эди. Мазкур ҳолат мамлакатлар ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосида фитосанитария талабларига қаттиқ риоя қилиш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.