Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 апрелдаги 220-сонли қарори билан биржа савдоларида нархларнинг сунъий ўзгаришини чеклаш ва бозор тамойиллари асосида шаффоф савдо муҳитини таъминлаш мақсадида фақат биржа орқали сотилиши шарт бўлган товарлар рўйхати янада кенгайтирилди.
Бугунги кунда 45 дан зиёд юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар айнан биржа савдолари орқали амалга оширилмоқда. Янги тартибга кўра, 2025 йил 15 июлдан бошлаб қатор стратегик аҳамиятга эга кимёвий моддалар ва хом ашёлар ҳам фақат биржа орқали сотилади.
Янги рўйхатга хлорид кислотаси, нитрат кислотаси, натрий цианид, гипохлорит, натрий, суюқ азот, суюқ хлор, рух белиласи, ферромолибден, базальт, фосфорит ва доломит уни каби маҳсулотлар киритилди. Улар давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ёки бевосита давлат иштирокидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, фақат биржа орқали сотилиши шарт бўлади.
Мазкур механизм барча бозор иштирокчилари учун тенг шарт-шароит яратиб, маҳсулот сотувида шаффофликни таъминлайди. Шу билан бирга, маҳсулотларнинг ҳақиқий бозор қийматини аниқлашда замонавий биржа асбобларини ишга солиш имконини беради.
Ҳукумат фикрига кўра, бу тартиб хом ашё бозорида тенг тақсимотни таъминлаш, сунъий нарх пастлашувини олдини олиш ва хуфиёна иқтисодиётга қарши самарали кураш воситаси сифатида хизмат қилади.