Зойир Мирзаев: «Sea Breeze — барчани мамнун қиладиган лойиҳа»

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Чорвоқдаги Sea Breeze лойиҳаси шахсан унинг назоратида бўлишини ва табиатни асраб, туризмни ривожлантиришини таъкидлади.

Zoir mirzayev

Чорвоқ сув омбори соҳилида амалга оширилаётган Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси жамоатчиликда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бироқ Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг таъкидлашича, ушбу муҳокамалар мутахассисларнинг масъулиятини янада оширган.

«Аввалига менда ҳам хавотир бор эди, аммо ифлос сувларни омборга оқизмасдан қайта ишлаш ва такроран фойдаланишга кафолат берилганидан кейин бу ташвишим анча камайди. Ҳоким сифатида менинг асосий мақсадим — туристлар сонини кўпайтириш ва туризмдан даромадни оширишдир. Туризм эса табиат асраб қолинган жойларда ривожланади», — деди Мирзаев.

Ҳокимнинг фикрича, экологлар ва аҳолининг танқидий муносабати лойиҳа учун ижобий таъсир кўрсатган. Унинг сўзларига кўра, архитекторлар, дизайнерлар, экологлар ва турли мутахассислар, шунингдек, соф ҳавога бефарқ бўлмаган фуқаролар иштирокида лойиҳа юксак даражада амалга оширилади.

«Бу чиройли лойиҳа бўлади ва барчага ёқади. Шубҳасиз, унинг ижроси шахсан менинг назоратимда бўлади. Бу менинг тўғридан-тўғри вазифам», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат 1 август куни Чорвоқда курорт қуриш чораларини тасдиқлаган. 577 гектар ер 25 йилга арзонлаштирилган ижарага берилган бўлиб, инвестор Agalarov Development ва Улуғбек Махмудовнинг иштирокидаги Sea Breeze Uzbekistan МЧЖ ҳисобланади. Лойиҳага британ компанияси Scott Brownrigg жалб этилган.

Инвестициялар тўлиқ хусусий маблағлар ҳисобига амалга оширилади. МИИТ маълумотича, инвестор ер учун 240 миллион доллар тўлайди. Курорт Чорвоқни йил давомида туризм ва дам олиш марказига айлантириши кутилмоқда.