«Аэрофлот» сентябрдан Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарларига парвозларни қайта йўлга қўяди

15:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Москвадан Бухоро ва Урганчга рейслар тикланиши, шунингдек Санкт-Петербургдан Тошкент ҳамда Самарқандга янги йўналишлар очилиши режалаштирилган.

Aeroflot

Россиянинг энг йирик авиакомпанияси «Аэрофлот» сентябрдан бошлаб Ўзбекистон шаҳарларига қатор янги ва тикланган парвозларни амалга оширишини маълум қилди.

14 сентябрдан Москва–Бухоро йўналишида мунтазам рейслар қайта йўлга қўйилади. Улар ҳафтасига тўрт марта – чоршанба, жума, шанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.

15 сентябрдан Москва–Урганч рейслари қайта очилади. Бу йўналишда парвозлар ҳафтасига уч марта – душанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

16 сентябрдан «Аэрофлот» Санкт-Петербург–Самарқанд йўналишида янги рейсларни йўлга қўяди. Улар ҳафтасига икки марта – чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади. 17 сентябрдан эса Санкт-Петербургдан Тошкентга тўғридан тўғри парвозлар йўлга қўйилиб, ҳафтасига икки марта – пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

Шу билан бирга, 13 сентябрдан Москва–Самарқанд йўналишидаги парвозлар сони учтадан бештага кўпаяди. Янги рейслар сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади, қайтиш эса чоршанба ва якшанба кунларига белгиланган.

Компаниянинг расмий сайтида тўлиқ жадвал ва чипта сотиб олиш имкониятлари эълон қилинган. «Аэрофлот» айни пайтда Россия фуқаролик авиациясининг етакчиси ҳисобланади. 2024 йилда компания 30,1 млн йўловчи ташиган бўлса, Гуруҳ таркибидаги авиакомпаниялар билан биргаликда 55,3 млн йўловчига хизмат кўрсатган.

«Аэрофлот» 100 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, дунёдаги энг кўп танилган авиабрендлардан бири саналади. Компания Россия шаҳарлари ва минтақалари ўртасида транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, ижтимоий дастурларни ривожлантириш ва маҳаллий самолёт ишлаб чиқаришга йирик буюртмалар бериш орқали иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга ҳисса қўшиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 31 июлдан бошлаб авиакомпания Москва ва Самарқанд ўртасидаги тўғридан тўғри авиақатновларни қайта йўлга қўйган эди.