86 минг ўзбекистонлик хорижда иш билан таъминланди

15:50 | 4 дақиқада ўқилади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон 17 давлат билан келишувлар орқали 86 минг фуқаросини расмий иш ўринларига жойлаштирди.

Xorijda ish

21 август куни «Миллий тикланиш» партияси фракцияси ва парламент қўмитаси меҳнат миграцияси ҳамда фуқароларнинг хориждаги ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Тадбирда 22 халқаро ташкилот ва дипломатлар иштирок этди.

Йил бошидан 129 та йирик хорижий компания билан шартномалар имзоланди. Уларнинг асосида 211 мингдан ортиқ иш ўрни белгиланди, айримлари ойига 1500 доллар ва ундан юқори маош таклиф этмоқда. Режага кўра, йил якунига қадар камида 200 минг фуқаро хорижда ишга жойлашиши кутилмоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, ярим йилликда халқаро пул ўтказмалари ҳажми 8,2 млрд долларга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 27 фоизга кўпдир. Шунингдек, Германия, Япония, Корея ва Болгария кўмагида тўққизта вилоятда халқаро ўқув марказлари ташкил этилди. Бу ерда 45,3 минг киши касб ва тил бўйича тайёргарликдан ўтди.

«Xorijdaish.uz» электрон платформаси орқали мигрантларга ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Унда 2,5 млн га яқин фуқаро рўйхатдан ўтган бўлиб, 1,5 млн дан ортиғи турли ёрдам турларидан фойдаланган.

Бироқ муаммолар ҳам сақланмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида йил бошидан 12 минг киши рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг фақат 2,2 мингтаси хорижда ишга жойлашган, бу эса йиллик режанинг 18,3 фоизини ташкил қилади. Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари бўйича эса аниқ статистика тақдим этилмаган.

Депутатлар айрим ҳудудларда миграция фондлари ҳисобидан хизмат кўрсатишда шаффофлик йўқлигини, қайтиб келган фуқароларни қайта интеграция қилиш ишлари етарли эмаслигини танқид қилди. Шунингдек, ноқонуний бандликка қарши чоралар кўриш, аёллар ва ёшлар учун махсус дастурлар жорий этиш зарурлиги қайд этилди.