Исроил ҳужуми оқибатида Ғазода 4 журналист ҳалок бўлди

18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ғазодаги Носир шифохонасига Исроил ҳаво ҳужуми натижасида 19 киши ҳалок бўлди, улар орасида халқаро ОАВ журналистлари ҳам бор.

Journalist

Исроилнинг Ғазо жанубидаги Носир тиббиёт мажмуасига берган зарбаси 19 кишининг умрига зомин бўлди. Улар орасида тўрт нафар журналист ҳам борлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Ҳалок бўлганлар орасида «Al Jazeera» фотографи Муҳаммад Салама, «Reuters» агентлиги фотомухбири Ҳуссам ал-Масри, «The Independent Arabic» ва «Associated Press» нашрлари билан ҳамкорлик қилган журналист Марям Абу Даqqa ҳамда «NBC» телеканали учун ишлаган Муоз Абу Таха борлиги тасдиқланди.

«Reuters» агентлиги ўз ходими Ҳуссам ал-Масрининг ҳалок бўлганини расман маълум қилди. Шунингдек, агентлик билан ишлайдиган фотограф Хотам Холид иккинчи зарбада оғир яраланиб, шифохонага ётқизилгани айтилди.

Исроил армияси ва бош вазир идораси ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермаган. Бу орада, «Фаластин журналистлар синдикати» маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода 240 дан ортиқ фаластинлик журналистлар ҳалок бўлган.

Уруш бошланганидан бери Исроилнинг ҳаво зарбалари Ғазодаги фуқаролик объектлари, жумладан тиббий муассасалар ва ОАВ ходимларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Халқаро ҳамжамият ушбу воқеалар бўйича жиддий ташвиш билдираётгани қайд этилмоқда.