«Интерфакс» хабарига кўра, стресс ҳолатга тушган банкларга нисбатан раҳбарият бонусларига чекловлар жорий қилиниши мумкин. Шунингдек, молиявий ҳолати ёмонлашган банклар раҳбарларидан аввал олинган мукофотларни қайтариш (clawback) талаб қилиниши ҳам кўзда тутилмоқда. Бу чоралар банк менежментини молиявий барқарорликни таъминлашда шахсан манфаатдор қилишга қаратилган.
Ҳозирча Россия банк сектори йилнинг биринчи ярмида 1,7 трлн рубл фойда кўрсатган. Бироқ, мамлакатдаги энг йирик 100 та банкнинг қарийб ярмида фойда камайган ёки зарарлар ошиб бораётгани кузатилмоқда. Жумладан, «Совкомбанк» фойдаси 86 фоизга, «Т-банк» фойдаси 56 фоизга тушган. «Газпромбанк» ва «Росселхозбанк» 40 фоиз атрофида фойда йўқотган. «Почта Банк», «Зенит», «Русский стандарт», «Ренессанс Кредит», «Солидарност» ва «Синара» каби банклар эса мутлақ зарарда қолмоқда.
Айрим банклар, жумладан ВТБ фойда қисқариши билан бирга кредит портфелидаги муаммолар билан ҳам юзма-юз келди. Жисмоний шахслар кредитлари бўйича кечиктирилган тўловлар 30 фоизга, юридик шахсларники эса 1,5 баробарга ошган.
Bloomberg манбаларига кўра, муаммоларнинг асосий сабаби — урушни молиялаштириш. Россияда банклар мудофаа саноати корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратмоқда, аммо бу корхоналар ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажара олмаяпти. Шу билан бирга, фоиз ставкаларининг кескин ўсиши компанияларни қарз тўлаш қобилиятидан маҳрум қилмоқда.
Россиядаги катта компанияларнинг кўпчилиги ҳозирда қарз бўйича дефолт арафасида турибди, деб огоҳлантирган РСПП (Россия санъатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи) раҳбари Александр Шохин. ВТБ раҳбари Андрей Костин эса Петербург форумида бу компаниялар фақат фоиз тўлаш учун яна қарз олишга мажбур эканини айтган.
Bloomberg сўзларига кўра, келгуси бир йил ичида Россияда тўлиқ банк инқирози юз бериши мумкин. Айрим банкларни давлат томонидан капитал қўшиш йўли билан қутқариш талаб қилиниши мумкин.
Марказий банк расмий ҳисоботларида бу хавфнинг ҳақиқий кўлами тўлиқ акс этмаяпти. Чунки қарз олувчилар тўловларни кечиктирмоқда, лекин улар ҳозирча расман муаммоли деб тан олинмаган.
Путин ва Трамп ўртасида Украина масаласида бўлиши мумкин бўлган келишув ҳам банк сектори учун хавфли деб баҳоланмоқда. Уруш тугаса — мудофаа корхоналарида тўлов учун маблағ бўлмайди, уруш давом этадиган бўлса — янги санкциялар иқтисодни янада оғирлаштириши мумкин.