Россияликлар орасида олий таълимга қизиқиш пасаяётгани айтилмоқда

08:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Россияда аҳолининг ярмига яқини олий таълимни зарур деб ҳисобламай қўйган. Сўровнома натижаларига кўра, фуқароларнинг 46,3 фоизи муваффақиятли ҳаёт учун коллеж, техникум ёки ҳунар-техника билим юрти дипломи етарли деб ҳисоблайди.

Study in russia

Pro-Vision Communications сўровномасига кўра, фақат 29,3 фоиз респондент университет дипломини керакли, деб билса, 10 фоизга яқинига мактаб ёки қисқа курслар етарли, деб ўйлайди. Илмий даража ёки бизнес-маълумот (MBA) олишга зарурат бор, деб ҳисобловчилар эса атиги 1,5 фоизни ташкил этган.

Сўров натижаларига кўра, 37 фоиз россияликлар олий таълимни шунчаки формаллик деб ҳисоблайди. 22,4 фоиз эса уни таниш-билиш орттириш воситаси деб қарайди. Респондентларнинг 66,2 фоизи ишга жойлашишда диплом ҳар доим талаб этилмаганини айтган.

Олий маълумот талаб этилмайдиган соҳалар сифатида респондентлар давлат хизмати, IT, маркетинг ва савдони кўрсатишган. Коллеж даражаси билан ишлаб чиқариш (79,5 фоиз), қурилиш (70,2 фоиз) ва хизмат кўрсатиш соҳаларида (81 фоиз) муваффақиятга эришиш мумкинлигини таъкидлашган.

Респондентларнинг 47,3 фоизи олий маълумот олишни хоҳлаши эди, бироқ қийматнинг юқорилиги (74,6 фоиз), имтиҳонларнинг мураккаблиги (42,9 фоиз), вақт танқислиги (24,9 фоиз) ва имтиёзга эга абитуриентлар билан рақобат (21,8 фоиз) уларни тўхтатиб турганини билдиришган. Имтиёзлилар қаторига Украинадаги урушда қатнашганлар ва уларнинг фарзандлари киради.

Шу билан бирга, президент Владимир Путин 2028 йилгача 1 миллион ишчи тайёрлаш вазифасини қўйди. Шу асосда олий таълимга қабул сони қисқартирилиши ва касбий таълимни бозор талабларига мослаштириш режалаштирилмоқда.

2025 йилда Россияда олий таълимнинг баҳоси ўртача 12 фоизга, Москвада эса 15,7 фоизга ошиб кетди. Энг катта ўсиш амалиётчи математика, компютер фанлари ва техник йўналишларда кузатилди. RAEX маълумотига кўра, етакчи 10 та олийгоҳнинг 7 тасида нархлар камида 25 фоизга ошган.

Шунингдек, ҳукумат тўловли ўқишга қабул квоталарини белгиловчи ва имтиёзли таълим кредитлари учун йўналишларни аниқловчи ваколатга эга бўлди.