Доналд Трампнинг Украина бўйича баёнотлари — асосий гаплар

08:40 | 8 дақиқада ўқилади.

Оқ уйда чиқиш қилар экан АҚШ президенти ҳозирча Украина учун хавфсизлик кафолатлари муҳокама ҳам қилинмаганини таъкидлади.

Trump white house1

 

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина учун хавфсизлик кафолатларига оид аниқ тафсилотлар ҳали муҳокама қилинмаганини, аммо АҚШ уларда «захира» сифатида иштирок этишини маълум қилди. Бу ҳақда у Овал кабинетда журналистлар қаршисида айтди.

Америка президенти Украинадаги можаро алал-оқибат якунланишига ишонч билдирди, гарчи уни ҳал қилиш ўзи кутгандан кўра мураккаброқ чиққан бўлса-да.

«У ерда шахсий зиддиятлар жуда катта экан. Бундай ҳоллар ҳам бўлиб туради», — деди Трамп.

 

Украинага ҳарбий ёрдам ҳақида

Киевни қўллаб-қувватлаш масаласида Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийни «энг буюк савдогар» деб атади.

«Биласизми, Байден бу ерда бўлганида Украинага 350 млрд доллар ажратди. Мен Зеленскийни мен ҳаётимда учратган энг катта савдогар дедим. У мамлакатимизга келганида ҳар гал 50 млрд доллар билан кетарди. Бир куни 100 млрд доллар билан кетган кун ҳам бўлган ва жами олган пуллари 350 млрддан ошган», — деди Трамп.

АҚШ президентининг айтишича, ҳозир АҚШ Украинага пул ажратмаяпти, бироқ НАТОга қурол сотмоқда.

«Мен Украинадан пул ишлашни хоҳламайман — можаро тугашини хоҳлайман. Шунчаки тушуниб қўйинг: биз энди бу ишда пул харжламаяпмиз», — деди у.

Трамп шунингдек, айрим НАТО аъзолари уни «Европа президенти» деб аташини қўшимча қилди, чунки у европаликларнинг мудофаа харажатларини оширишга муваффақ бўлган.

«Сиз НАТО мисолида кўрдисиз, улар харажатларни 2 фоиздан 5 фоизгача кўтаришга рози бўлишди, харажатлар тўлиқ қопланди, триллионлаб доллар тўланди ва энди улар сизнинг президентингизни ҳурмат қилади», — деди у.

 

Россия билан ядровий арсеналларни қисқартириш музокаралари ҳақида

Трамп Россия президенти Владимир Путиннинг Аляскага ташрифини Украина бўйича натижага эришиш ниятининг муҳим белгиси сифатида баҳолади ва визитни «жуда муваффақиятли» деб атади.

«Биз ракеталар, ядровий қурол ва кўплаб бошқа нарсалар ҳақида, уни чеклаш ҳақида ҳам гаплашдик», — деди Трамп.

У қўшимча қилишича, Вашингтон бу масалага Хитойни ҳам жалб қилмоқчи.

«Бизда энг кўп ядровий қурол бор, Россия иккинчи ўринда, Хитой эса учинчи ўринда, аммо Хитой биздан жуда орқада. Бироқ улар беш йил ичида бизга етиб олади. Биз дунёни ядровий қуроллардан холи қилишни хоҳлаймиз», — деди у.

 

Путин ҳақида

АҚШ президенти сўнгги ҳафтада Путин билан суҳбатлашганини ва уларнинг ҳар бир мулоқоти «яхши» бўлишини айтди.

Аввалроқ Трамп Вашингтон хавф остида бўлиши мумкинлигини, аммо Путин билан ўзаро тушуниш ҳисобига бу хавфдан қочишга муваффақ бўлганини айтган эди. Уларнинг учрашуви 15 август куни Аляскада «учга уч» форматида ўтди ва 2 соат 45 дақиқа давом этди. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров музокаралар якунида Трамп эндиликда можарони ҳал этиш учун унинг туб сабабларини йўқотиш зарурлигини тушунганини қайд этди.

 

Путин ва Зеленскийнинг эҳтимолий учрашуви ҳақида

Трампнинг айтишича, Путин Зеленский билан учрашишга тайёр эмас, чунки у Украина президентини ёқтирмайди.

«Менга ҳам йўқмайдиган одамлар бор, улар билан учрашишни истамайман, — деди у. — Улар чиндан ҳам бир-бирини ёқтиришмайди».

25 август куни Зеленский Украина ҳукумати ҳафта якунида америкалик ҳамкасблар билан Москва ва Киев музокаралари имкониятини муҳокама қилиш учун учрашишини айтди.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров эса Россия Зеленскийни де-факто «режим раҳбари» сифатида тан олишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Москва унга шу мақомда учрашишга тайёр. Лавров таъкидлашича, Россия президенти Зеленский билан учрашишга тайёр, фақат агар у ерда «президентлик кун тартиби» муҳокама қилинса. Шу билан бирга, Лавров ҳозир Зеленскийни ҳеч қандай юридик ҳужжат имзолаш ҳуқуқига эга эмас, деб ҳисоблашини таъкидлаган.