Украина президенти Владимир Зеленский Европадаги давлатлар ҳар ой камида 1 миллиард доллар маблағ ажратиб, АҚШ қуролларини сотиб олиш учун махсус дастурни қўллаб-қувватлашини кутмоқда. Бу ҳақда у Киевда Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.
Президент Норвегия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш ва денгиз хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш орқали Украина учун хавфсизлик кафолатларини таъминлашга ёрдам бериши мумкинлигини маълум қилди.
«Норвегия АҚШдан қурол-яроғ сотиб олиш имконини берувчи ва ҳар ойда камида бир миллиард доллар миқдорида маблағ билан тўлдирилиши керак бўлган PURL дастурига қўшилганини мен аллақачон айтиб ўтган эдим», — деди Зеленский.
У шунингдек, Норвегия бош вазири билан дронлар ишлаб чиқариш, ҳамкорликдаги имкониятлар ва РФни урушни тугатишга мажбур қилишга ёрдам берадиган инвестицияларни муҳокама қилганини қўшимча қилди.
PURL (Prioritized Ukraine Requirements List) дастури — АҚШ ва НАТОнинг Украинага қурол-яроғ етказиб беришни жадаллаштириш мақсадидаги янги ташаббусидир. Ушбу дастур доирасида Украина қуролларга бўлган устувор эҳтиёжлар рўйхатини тузиб, уни НАТОга тақдим этади. Сўнгра, ҳамкор давлатлар мазкур рўйхатга мувофиқ Америка қуролларини харид қилишни молиялаштиради.