Ўзбекистонда давлат мулки объекти бўлган футбол стадионлари ва майдонларидан фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш ва сотувга чиқариш тақиқланди. Бу ҳақда Президент томонидан 21 август куни имзоланган ПҚ-262-сонли қарорда келтирилган.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил охиригача барча бундай объектлар хатловдан ўтказилиши шарт. Хатлов натижалари 2026 йил июл ойигача «Миллий футбол электрон платформаси»га киритилади. Эгаси номаълум стадион ва футбол майдонларининг ер участкалари ва бино иншоотларини хатловдан ўтказиш талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Бу қарор 2024 йил бошида юзага келган «Пахтакор» клуби атрофидаги воқеалардан сўнг қабул қилинди.
Ўшанда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан «Пахтакор» футбол клуби стадион билан бирга сотувга қўйилган эди. Аммо жамоатчилик кескин қаршилиги туфайли савдо бекор қилинган. Ўшанда тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб ва стадионни сотиб олиб ривожлантирмоқчи бўлгани, лекин бунинг учун 100 доллар ҳам тўламоқчи эмаслигини айтганди. «Текинга берса оламан, пулга берса олмайман», деганди у.