Тошкентда уйларнинг нархи тушди — депозитлар янада фойдалироқ бўлмоқда

20.05.2025 12:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2025 йил апрел ойида Тошкентда кўчмас мулкка инвестициядан олинадиган умумий даромаддорлик 6,2 фоизгача тушди. Бу кўрсаткич 2024 йил апрелида 27,8 фоизни ташкил этган эди.

Uy joy

Уйларни ижарага беришдан тушадиган ўртача даромад ҳам пасайиб, 10,9% дан 8,5% гача тушди. Уй нархлари ўртача 2,4% арзонлашгани қайд этилган. Ҳатто айрим туманларда, масалан, Учтепа ва Олмазорда 2–4 хонали уйлар ижараси зарарга ишлаган.

Шу билан бирга, Шайхонтоҳур ва Яккасарой каби қиммат туманларда инвестиция ҳали ҳам фойда келтирмоқда — 1 хонали уйларда 25,1%, 3 хонали уйларда эса 16,8% даромад сақланиб қолган.

Мутасаддилар фикрича, ушбу вазиятда миллий валютадаги муддатли депозитлар аҳоли учун кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Чунки айни пайтда улар бўйича фоиз ставкалари 22% атрофида.

Маълумот учун, 2025 йил февралидан бошлаб бир банкдаги битта омонатчи учун тўланадиган кафолатланган компенсация суммаси 200 миллион сўмгача оширилган.