Одамга илк бор чўчқа ўпкаси кўчириб ўтказилди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитойлик олимлар биринчи марта инсонга генетик ўзгартирилган чўчқа ўпкасини кўчириб ўтказди. Бу ксенотрансплантация соҳасидаги йирик илмий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Operatsiya

Гуанчжоу Тиббиёт университети профессори Хе Сзянсин раҳбарлик қилган жамоа клиник ўлим ҳолатидаги 39 ёшли беморга трансген чўчқа ўпкасини кўчириб ўтказди. Шу вақтгача бундай амалиёт инсоният тарихида ҳеч қачон амалга оширилмаган эди. Операциядан кейин орган дарҳол рад этилмади ва 9 кун (216 соат) давомида ўз вазифасини бажаришни давом эттирди.

Олимларнинг айтишича, улар CRISPR/Cas9 технологияси ёрдамида чўчқа геномидан иммунитет реакциясини қўзғатадиган антигенларни олиб ташлаган. Шунингдек, инсон танасидаги «ўз» ва «бегона» ҳужайраларни ажрата оладиган махсус генлар қўшилган. Бу ўзгаришлар туфайли амалиётдан кейинги дастлабки кунларда кучли рад этиш ҳолати кузатилмади.

Шу билан бирга, учинчи кундан бошлаб шифокорлар чўчқа тўқималарига қарши антитаналар, яллиғланиш ва иммунитетга боғлиқ зарар белгиларини қайд этди. Мутахассислар бу ҳолат ксенотрансплантация усулини беморлар учун мутлақо хавфсиз қилиш учун янада чуқур генетик ишланмалар зарурлигини кўрсатди, деб ҳисоблайди.

Тарихан одам организми ҳайвон аъзоларини кескин рад этгани учун ксенотрансплантация мумкин эмас деб қараларди. Аммо 2010-йиллар бошида CRISPR технологияси пайдо бўлиши билан бу соҳада янги имкониятлар очилди. 2022 йилда АҚШда бир беморга чўчқа юраги кўчириб ўтказилган эди. Бир неча ҳафта тана уни қабул қилгандек кўринса-да, бемор икки ойдан сўнг вафот этди. Янги тадқиқот эса келажакда инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини ошириши мумкин.