Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш бўйича янги босқич бошланмоқдa. Президент қарорига кўра, 2026 йилдан «Миллий футбол электрон платформаси» ишга туширилиб, у футбол академиялари ва спорт мактабларини қамраб олади.
21 августда имзоланган президент қарорига кўра, платформа доирасида қуйидагилар қамраб олинади:
ФИФА талабларига мувофиқ стадионлардаги аудио ва видеотасвирларни бир нуқтага узатиш орқали футбол учрашувларида видео ёрдамчи ҳакам (VAR) тизимини янада кенгайтириш;
Футбол академия ва мактаблари, шу жумладан, футбол секциялари мавжуд спорт мактаблари ўқув машғулотларини онлайн назорат қилиш, футболчиларнинг тиббий ва жисмоний кўрсаткичларини мониторинг қилиш ҳамда шаффоф селекция тизимини жорий қилиш;
Соҳада амалга ошириладиган лойиҳаларнинг концепциялари, техник-иқтисодий параметрлари ва бошқа лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда ваколатли органларда экспертизадан ўтказиш;
Футбол академия ва мактаблари, шу жумладан, футбол секциялари мавжуд спорт мактабларида ходим, тренер ва футболчилар давоматини юритиш, видеоконференцалоқа тизимини ташкил этиш.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
Футбол академия ва мактаблари, шу жумладан, футбол секциялари мавжуд спорт мактаблари босқичма-босқич «Миллий футбол электрон платформаси»га уланади;
Тажриба-синов тариқасида футбол академия ва мактабларининг ўқув машғулотларини онлайн кузатиш, футболчилар селекцияси ҳамда тиббий ва жисмоний кўрсаткичларини мониторинг қилиш «Миллий футбол электрон платформаси» орқали амалга оширилади.
Шунингдек, Миллий футбол маркази ҳузурида рақамли ситуацион марказ ташкил этилиб, иқтидорли футболчиларни эрта аниқлаш жараёни автоматлаштирилади. VAR маркази орқали футбол учрашувлари марказлашган ҳолда назорат қилинади, ахборотлар эса махсус «DATA футбол» марказида сақланади.
Янги тизим 2026 йил 1 декабрга қадар «Рақамли соғлиқни сақлашнинг ягона платформаси»га интеграция қилинади. Лойиҳа учун давлат бюджетидан қўшимча 15 млрд сўм ажратилгани маълум қилинди.