Environmental Health журналида чоп этилган метатадқиқот 46 та илмий ишни таҳлил қилди. Унинг натижаларига кўра, парацетамолни қабул қилган аёлларнинг фарзандларида диққат етишмовчилиги ва гиперактивлик синдроми (DYGS), шунингдек, аутизм спектри бузилишлари билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган. Тадқиқотларнинг ярмида ушбу дорини қўллаш ва мазкур касалликлар ўртасида статистик жиҳатдан аҳамиятли боғлиқлик аниқланган.
Олимларнинг таъкидлашича, парацетамол йўлдош орқали тез ўтади ва гормонал бошқарув ҳамда иммун жараёнларга таъсир қилади. Шунингдек, у оксидланиш стрессини кучайтириши мумкин. Бу эса уни шаклланиш босқичидаги бола мияси учун хавфли омилга айлантиради.
Масалан, 20 та тадқиқотнинг 14 тасида парацетамол қўлланган ҳолларда болаларга DYGS ташхиси кўйилиши кўпроқ қайд этилган. Саккизта ишнинг бештасида эса у аутизм билан боғлиқлиги кўрсатилган.
Мутахассислар хавф даражаси дори қабул қилинган вақт ва миқдор билан узвий боғлиқ эканини қайд этади. Дорини узоқ вақт ёки катта дозада қабул қилишда эҳтимолий салбий оқибатлар кучайиши мумкин.
Тадқиқотчилар ҳозирги натижаларни янада аниқлаш учун йирикроқ илмий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Улар на фақат хавфни тасдиқлаш ёки рад этиш, балки ҳомиладор аёлларда оғриқ ва иситмани даволашнинг хавфсизроқ усулларини излашни мақсад қилиб қўймоқда.