Низомга асосан, ваучерлар «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ҳамда расмий даромади йўқ шахсларга тақдим этилади. Бу орқали уларнинг ўқиш харажатлари давлат томонидан қопланади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ecosys.mehnat.uz орқали махсус электрон реестр юритади. Унда ушбу тоифадаги шахсларни ўқитадиган таълим ташкилотлари қайд этилади.
Фуқаролар ваучер олиш учун туман ёки шаҳар бўлимларига мурожаат қилиши, маҳалла ҳоким ёрдамчилари орқали ариза бериши ёхуд ecosys.mehnat.uz орқали электрон тарзда мурожаат қилиши мумкин. Биринчи навбатда, маҳаллий меҳнат бўлимлари ариза берувчига мавжуд бўш иш ўринларини таклиф этади. Агар таклиф қилинган иш ўрни маъқул келмаса ёки шахснинг мутахассислиги йўқ бўлса, ваучер бериш масаласи кўриб чиқилади.
Ариза берувчилар электрон тизим орқали скорингдан ўтказилади. Агар шахс белгиланган тоифага кирса, у ваучер олиш ҳуқуқига эга бўлади. Вaучердан 3 ой ичида фойдаланиш талаб этилади ва ҳар бир фуқаро ундан бир маротаба бепул таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади.