Москвада мигрантлар учун QR-кодли электрон тизим жорий этилади

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

1 сентябрдан бошлаб Москвада мигрантларни тўлиқ назорат қилишга қаратилган янги мобил илова жорий этилади.

Qr kod

Шаҳар мэри Сергей Собянин маълум қилишичa, илова пандемия пайтида касалларни кузатиш учун қўлланган «Ижтимоий мониторинг» дастурининг янгиланган кўриниши ҳисобланади. Унга кўра, ҳар бир мигрант учун электрон карта шакллантирилади ва унда шахсга оид барча маълумот — келиш санаси, яшаш манзили, иш жойи ва миграция ҳолати акс эттирилади.

Полиция ходимлари текширув пайтида фақат QR-кодни сканерлаб, мигрант ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Агар кодда «қизил» белгиси чиқса, қонунбузарлик мавжудлиги аниқланади ва шахс ушланади. «Яшил» ҳолатда эса ҳеч қандай савол туғилмайди.

Собянин таъкидлашича, бу тизим ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш билан бирга меҳнат бозоридаги муаммоларни ҳам ҳал этишга ёрдам беради. Унинг сўзларига кўра, Россияда ҳозирда тахминан 5 миллион ишчи етишмаяпти. Шу боис меҳнат мигрантларини бутунлай четлатиш мамлакат иқтисодиёти учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мэр шунингдек, сўнгги ўн йил ичида мигрантлар томонидан шахсга қарши жиноятлар қарийб учдан бир қисмига қисқарганини қайд этди. Бу эса янги электрон назорат тизимини жорий қилиш фақат тартиб-интизом эмас, балки ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилишини кўрсатади.