Ўзбекистонда 4,3 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Қўнғирот санаторийси томонидан ўтказилган 654 млн сўмлик тендерда қонунбузарликка йўл қўйилган. Шартнома ҳақиқий эмас деб топилган ва буюртмачига жарима белгиланган.
Андижон фтизиатрия сиҳатгоҳи томонидан ўтказилган 270 млн сўмлик 2 та тендерни ўтказишда қонунчиликда белгиланган тартиб бузилгани аниқланган. Буюртмачига расмий кўрсатма берилиб, мансабдор шахсга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилган.
Бухорода эса 440 млн сўмлик овқат етказиб бериш тендери ўрганилиб, талабларга тўлиқ жавоб бермаган иштирокчиларга нохолис баҳо берилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан буюртмачига нисбатан иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий кўрсатма берилган.
Навоий вилояти Ғозғон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 41,2 млн сўмлик озиқ-овқат хариди бўйича эълон жойлаштирилган. Савдоларда битта таъсисчига эга икки корхона иштирок этгани аниқланиб, мазкур субъектларга нисбатан иш қўзғатилган ва бажарилиши мажбурий кўрсатма берилган.
Навоий шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 63 млн сўмлик жиҳозлар харидида иштирокчилар тўлиқ ва холис баҳоланмагани аниқланиб, иш қўзғатилиб мажбурий кўрсатма берилган. Танловда иштирок этган икки cубъект ўртасида рақобатга зид келишув аломатлари бўлгани учун ҳам иш қўзғатилиб, “BRIGHT LAND” МЧЖга молиявий жарима қўлланилган.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг Косон тумани бўлими томонидан ўтказилган 70 млн сўмдан ортиқ 4 та тендерда таклифларни баҳолаш мезонлари бузилган. Мансабдор шахсга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилган.
Самарқанд вилояти «etender.uzex.uz» портали орқали ўтказилган 2,6 млрд сўмлик 7 та тендерда фақат 2 та аффилланган корхона иштирок этгани сабабли рақобат муҳити бузилган. Суд қарорига мувофиқ, ҳар иккала корхонага молиявий жарима қўлланилган.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилоят ҳудудий филиали амалга оширган 62 млн сўмлик 3 та давлат харидида қонунбузилиш аниқланиб, муассасага нисбатан иш қўзғатилди ва мажбурий кўрсатма берилиб, белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли органга тақдим этилган.
“O‘zbekko‘mir” АЖнинг 271 млн сўмлик тендерида “FOROFFICE” МЧЖ ва “FULL-MIX” ХК корхоналари бир хил IP манзилдан қатнашгани аниқланиб, қонун талабларини бузганлиги учун иш қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди ва бажарилиши мажбурий кўрсатма берилган.
Маълумот учун: “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, давлат харидларида барча тендер иштирокчиларига тенг шароитлар яратилиши, улар таклифлари белгиланган талаблар ва баҳолаш мезонлари асосида холиc ва шаффоф тарзда баҳоланиши шарт. Шунингдек, савдоларда бир лот доирасида аффилланган ёки ўзаро манфаатдор бўлган шахсларнинг иштирок этиши, тендер натижасини сунъий равишда назорат қилиш — рақобатга зид ҳаракат сифатида баҳоланади.