Жанубий Африка Республикаси президенти ҳузуридаги Аёллар ишлари вазирлиги фуқароларни ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган Россияда иш топиш таклифларини қабул қилишдан эҳтиёт бўлишга чақирди. Бу ҳақда «Bloomberg» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Россиядаги сохта иш ўринлари ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган эълонлар давлат назоратидан ташқарида эканлигини таъкидлаймиз. Шу боис, юртимиз ёшларини ниҳоятда ҳушёр бўлишга чақирамиз», — дейилади хабарда,
Бундан олдин, Жанубий Африка Республикаси ҳукумати Россиянинг ҳарбий ишлаб чиқариш билан боғлиқ корхоналарида ишлаш учун жанубий африкалик аёлларни ёллаш масаласи бўйича тергов ишларини бошлаган эди.
Россия компаниялари ишчи кучи танқислигини бартараф этиш мақсадида ёш африкалик аёлларни ишга жалб қилмоқда. Асосий ишга олувчилардан бири Татаристондаги «Алабуга» махсус иқтисодий ҳудудидир, бу ерда ҳарбий дронлар ишлаб чиқарилади.
Ишга қабул қилиш кампаниясида BRICS брендидан фойдаланадиган ташкилотлар иштирок этмоқда ва BRICS Аёллар бизнес иттифоқининг маҳаллий бўлими Алабугага ишчи кучи етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолади.
Вазиятдан хабардор бўлган манба маълум қилишича, Жанубий Африка Республикаси ҳукумати ҳозирда Россия компанияларининг фаолияти ва мақсадларини текширмоқда. Суҳбатдошнинг айтишича, Претория ҳокимияти Россия дипломатик корпуси вакилларини тушунтириш бериш учун чақириши мумкин.