Иттифоқчиликдан рақибликка: Киев ва Варшава зиддияти ортида нима турибди?

09:00 | 13 дақиқада ўқилади.

Киев ва Варшава ўртасида булутлар қуюқлашиб бормоқда: украин ғалласига қарши поляк фермерлар намойишлари энди келиб, ҳукуматнинг қочқинларга кўрсатилаётган ёрдамни узайтиришдан бош тортгани билан алмашди.

Ukraine poland

 

Украина учун бу жиддий зарба: айнан Полша энг кўп украиналик қочқинларни қабул қилган эди. Хўш, икки иттифоқчи ўртасидаги бу келишмовчилик Россия учун совғами? — дея савол қўяди TRT Global.

 

Полша ва Украина нега жанжаллашди?

Полша уруш бошланган илк кунларданоқ Украинани қўллаб-қувватлаб келмоқда. Варшава нафақат Россияга қарши қатъий санкциялар жорий этилишини биринчилардан бўлиб талаб қилган, балки қўшниларини ҳам Киевга ҳарбий ёрдамни кучайтиришга чақирган эди. Бу сўзлар амалда ҳам ўз тасдиғини топган: Полша бошқа барча давлатлардан кўра кўпроқ украин қочқинларини қабул қилган. Eurostat маълумотларига кўра, 2025 йил июн ойи охирига келиб мамлакатда қарийб миллион нафар украиналик истиқомат қилган.

Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли орасида вақт-вақти билан ҳукумат миллий манфаатлар эвазига ҳаракат қилмаямптимикин, деган шубҳалар пайдо бўлиб турарди. Бутун мамлакат бўйлаб намойишлар тўлқини кузатилди — фермерлар украин ғалласи ва бошқа маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлашни талаб қилишди. Мазкур вазиятдан президентлик сайловларида ғалаба қозонган Карол Навроцкий муваффақиятли фойдаланди.

У 2025 йил ёзида ҳокимиятга келгач, уруш давом этаётган бир пайтда Украина ЕИ ва НАТОга аъзо бўла олмаслигини баён этди. Кейин эса бундан ҳам баттарини қилди: Сейм томонидан маъқулланган, украиналик қочқинлар учун имтиёзларни узайтиришга қаратилган қонунга вето қўйди. Айниқса у «Rodzina 800+» дастурини танқид қилди — унга кўра ҳар бир бола учун ойига 800 злотий (218 доллар) тўланиши кўзда тутилган.

Президентнинг яна бир ташаббуси — ОУН-УПА рамзларини нацистлар рамзлари билан тенглаштиришдир. Бунинг сабаби 9 август куни Варшавада бўлиб ўтган беларуслик рэпер Макс Корж концертида бир неча украиналиклар УПА байроқларини кўтариши бўлди. Бу воқеа беқарорликка сабаб бўлди ва Навроцкийнинг қатъий баёнотлари учун триггерга айланди.

«Қонун лойиҳасида аниқ шиор қайд этишимиз керак — бандерачиликка чек қўйиш», — деди у. Бош вазир Доналд Туск уни қўллаб-қувватлади: «Қоидаларни бузганлар мамлакатни ихтиёрий равишда ёки мажбурий тарзда тарк этишлари шарт». Депортация хавфи 57 нафар украиналик фуқарони қамраб олди.

Эслатиб ўтамиз, ОУН-УПА масаласи Украина ва Полша муносабатларида кўп йиллардан бери баҳсли мавзудир. Айрим украиналиклар учун бу — мустақиллик учун кураш рамзи, поляклар учун эса — 1943 йилдаги Волин қирғинини эсга солувчи фожиали хотира.

 

Риторика ўзгариши ортида нима ётибди?

«Варшаванинг мазкур қарорлари катта даражада Полшадаги ички сиёсий воқелик билан боғлиқ», — дейди TRT рус хизматига сиёсатшунос Алексей Якубин. Уларнинг асосини Доналд Туск бошчилигидаги «Фуқаролик платформаси» партияси билан, консервативроқ йўналишдаги «Ҳуқуқ ва адолат» партиясига мансуб президент Навроцкий ўртасидаги рақобат ташкил қилади.

«Сайловолди кампанияси ва парламент сайловлари давомида айнан шу партия украиналик қочқинлардан келиб чиқадиган хавф ва Украинадан келаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти мавзуларини фаол ишлатди, поляк жамиятининг бир қисмининг рақобат ва украиналиклар ҳамда улар маҳсулотларининг «назоратсиз» кириб келишидан қўрқувига мурожаат қилди», — дея таъкидлайди эксперт.

«Учинчи сектор» таҳлилий маркази раҳбари Андрей Золотарёв эса қўшимча қилади: Польша чуқур ҳудудларида радикал‑миллатпарвар кайфиятлар кучли ва айнан шу электорат Навроцкийга ғалаба олиб келди. «Полша миллатчилари қўлга киритаётган мавзулар — Волин қирғини, ОУН‑УПА рамзлари каббилар энди кўпдан бери чекка сиёсий муҳокамалардан чиқиб, сиёсий мейнстримга айланиб улгурган. Бу — энди яна қайта‑қайта тўқнаш келинадиган факт», — дейди у.

Резонансли қарорлар вақтининг танланиши ҳам рамзий аҳамиятга эга, деб таъкидлайди Якубин: «Навроцкий ўз баёнотларининг кўпини айнан украин байрамлари кунларида берди. Бу эса Варшава Украинага фақат иттифоқчи эмас, балки иқтисодий, демографик ва сиёсий рақобатчи сифатида ҳам қараётганининг ишорасидир».

 

Бу қарорлар украиналикларга қандай таъсир қилади?

Сиёсий риторикага қарамасдан, Полша миллионга яқин украиналиклар борлиги орқали кўп жиҳатдан ютишга эришди. Улар ишчи кучаси етишмайдиган соҳаларда меҳнат қилмоқда, бизнеслар ташкил этмоқда, солиқ тўлаяпти ва мамлакат иқтисодий ўсишига ҳисса қўшаётир.

Украиналиклар Полшада кўпинча ЕИнинг бошқа давлатларига нисбатан яхшироқ интеграциялашди, дейди Андрей Золотарёв:

«Полшада аксарият украиналиклар ишлайди, бўшаб қолган соҳалар — электриклар ва сантехниклардан тортиб, сервис соҳаларигача тўлдирилмоқда. Айнан украиналиклар демографик танқисликни юмшатишга ёрдам берди ва Полша иқтисодиётига қўшимча ўсиш таъминлади. Қолаверса, уларнинг тўлаётган солиқ ва ижтимоий бадаллари ҳукуматнинг қочқинларга ажратаётган ёрдамини ёпмоқда. Полшадаги украиналиклар ҳеч қандай «тўйдаги меҳмон» каби эмас».

Шу билан бирга, қочқинлар ҳисобига ички муаммоларни ҳал қилиш — Европа бўйлаб кузатилаётган умумий тенденция. Қитъада солиқлар, коммунал хизматлар нархи ошиб бораётгани ва ҳаёт сифати ёмонлашганидан норозилик овозлари кўпаймоқда. Бундай шароитда «айбдор» сифатида кўпинча украиналиклар тилга олинади.

«Юз минглаб украин оилалари хавф остида қолмоқда. Аввал Полшадаги ёрдам болали оилалар билан чекланган эди, кейин шарт сифатида болаларнинг поляк мактабларида ўқиши талаб қилинди, энди эса янги филтр жорий қилинмоқда: агар ота-она ишламаса, нафақа тўхтатилади. Бу кўпчилик учун ҳатто камтарона тўловларни ҳам йўқотишни англатади», — дейди TRT рус хизматига сиёсатшунос Алексей Якубин.

 

Украина қандай жавоб қайтаради?

Киевда бу вазиятдан чиқиш учун фақат дипломатик воситалар қолмоқда. Мавжуд йўллардан бири — «Фуқаролик платформаси» партияси ва Дональд Туск билан ҳамкорликни фаоллаштиришдир.

Алексей Якубиннинг таъкидлашича, бу партия президент қарорларини тўғридан тўғри бекор қилиш учун етарли кўпчиликка эга бўлмасада, парламентдаги муҳокамаларга таъсир кўрсатиш ва Навроцкий курсини тўғрилаш имкониятига эга.

Варшава позициясини юмшатишнинг яна бир усули — ЕИ даражасидаги дипломатия. Масалан, Брюссел Полша харажатларини қоплаш учун қўшимча маблағ ажратиши ва Варшавани қўллаб қувватлов дастурларини давом эттиришга кўндириши мумкин.

Шу билан бирга, Андрей Золотарёвнинг таъкидлашича, Киевнинг босим ўтказиш воситалари чекланган: Полша Украина учун бош ҳамкорлигича қолмоқда, ундан ташқари, Жешув шаҳрида Ғарб ҳарбий ёрдамининг энг йирик хаби жойлашган.

«Шуни унутмаслик керакки, ўтмишда ҳам шундай кескин мавзулар кун тартибига чиққан. 2000 йиллар бошида, масалан, Лвивдаги қабристон атрофидаги тортишув муваффақиятли мурозалик билан ҳал этилган. Катта эҳтимол билан, бу галги зиддият ҳам кескин оқибатларга олиб келмайди», — дейди у.

Шу билан бирга, у таъкидлаганидек, Навроцкий баёнотлари давом этади, аммо улар асосан рамзий тусда бўлиб қолади. Хос мисол — Starlink масаласи: аввал ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилинди, бир кун ўтиб эса расмийлар ўз сўзларидан қайтди.

Қандай бўлмасин, ҳозирча бу воқеалар фақат Россия манфаатига хизмат қилмоқда. Чунки Кремл бундай вазиятлардан ўз пропагандасида унумли фойдаланиши мумкин.