Тошкентда Мустақиллик байрами сайиллари ўтказиладиган жойлар эълон қилинди

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

30–31 август кунлари пойтахтнинг барча туманларида байрам сайиллари ва ёрқин концертлар бўлиб ўтади.

Mustaqillik

Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан 30–31 август кунлари Тошкент шаҳрининг барча туманларида байрам сайиллари ва оммавий концерт дастурлари бўлиб ўтади. Тошкент шаҳри ҳокимлиги байрам тадбирлари жойлари ва вақти ҳақида маълумот берди.

Хабар қилинишича, 30 август куни соат 12:00 да Юнусобод туманида жойлашган «Ўзэкспомарказ» майдонида тадбирлар бошланади.

Шу куни соат 18:00 да Бектемир тумани «Coca Cola Garden» боғи, Миробод тумани «Фурқат» боғи, Сергели тумани марказий хиёбони, Олмазор тумани Ривер парк майдони, Учтепа тумани «ECO SEUL» боғи, Чилонзор тумани Dream Park (Ғафур Ғулом боғи), Шайхонтоҳур тумани «Наврўз» боғи ва Янгиҳаёт тумани «Янги Дархон» маҳалласи 45–46 уйлар олдидаги майдонда оммавий концертлар бўлиб ўтади.

Байрам дастури соат 19:00 да Мирзо Улуғбек тумани «Мирзо Улуғбек» истироҳат боғи (Central Park), Яшнобод тумани «Ашхобод» истироҳат боғи ва Яккасарой тумани «Дўстлик» истироҳат боғида давом этади.

Шаҳар ҳокимлиги аҳолини байрамона кайфиятни биргаликда ҳис этиш, шунингдек, концерт ва сайиллардан баҳраманд бўлишга таклиф қилади.