Тошкентда қалбаки дори ишлаб чиқарганлар қўлга олинди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳрида яширин цехда тайёрланган қалбаки дори воситалари дорихоналар орқали аҳолига сотилгани аниқланган.

Dori

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖ манзилида қонунга хилоф цех фаолияти аниқланган. Қайд этилишича, мазкур цехда тайёрланган қалбаки дорилар эса шаҳар дорихоналари орқали аҳолига тарқатилгани маълум бўлди.

Текширув пайтида 389 кг оғирликдаги кукун ва таблеткалар, 11 та станок, 21 та қолип ҳамда «Raikal» маркали пневматик қурол ашёвий далил сифатида мусодара қилинди. Шунингдек, МЧЖга тегишли иккинчи яширин цехдан бўш капсулалар, қутилар, йўриқномалар ва дорилар тайёрлашда ишлатиладиган ускуналар олинди.

«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлик маркази» экспертизасига кўра, ушбу цехларда «Урсосан 250 мг», «Нейромидин 20 мг» ва «Фаниган» дори воситалари қалбакилаштирилган.

Тадбир давомида «Фаниган»ни қалбакилаштириш учун буюртма берган шахснинг дорихонаси ҳам текширилди. У ердан «Фаниган», «Азимак» ва «Ципролет» каби 15 турдаги 1 067 қути қалбаки ҳамда 14 турдаги 274 қути муддати ўтган дори топилди.

Ҳозирда ноқонуний цех ташкилотчилари бўлган 3 шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми «б» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.