Android номаълум дастурчилар иловаларини блоклайди

11:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Google компанияси Android фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш мақсадида 2026 йилдан номаълум ишлаб чиқувчиларнинг иловаларини блоклашни бошлайди.

Anderoid

Google Android қурилмалар хавфсизлигини кучайтириш учун янги қоидалар жорий этди. Энди текширилмаган ишлаб чиқувчиларнинг иловаларини ўрнатиш имкони бўлмайди. Бу чеклов фақат Google Play билан чекланиб қолмайди — бошқа илова дўконлари орқали тарқатиладиган дастурлар ва интернетдан тўғридан-тўғри юклаб олинадиган «apk» файлларига ҳам тааллуқли бўлади.

Компаниянинг айтишича, бундан асосий мақсад Android фойдаланувчиларини зарарли дастурлардан ҳимоя қилиш ва қурилмалар хавфсизлигини оширишдан иборат.
Google инсайдерлари маълумотига кўра, расмий дўкондан ташқари тарқатиладиган дастурлар зарарли дастурий таъминот хавфини 50 баравар оширади. Шу боис компания ишлаб чиқувчиларни аэропортдаги шахсни текширишга ўхшаш жараён орқали тўлиқ текширишдан ўтказишни йўлга қўймоқда.

Номаълум ишлаб чиқувчилар учун алоҳида консол яратилади. У ерда тижорат версиясидан фарқли воситалар бўлади. Google Play’да рўйхатдан ўтган ишлаб чиқувчилар эса аллақачон талабларга жавоб беради ва қўшимча чекловларсиз фаолият юритиши мумкин.

Янги тизимни синовдан ўтказиш 2025 йил октябрда бошланади. 2026 йил мартдан глобал текширув жараёни очиқланади. Илк чекловлар 2026 йил сентябрдан Бразилия, Индонезия, Сингапур ва Таиландда кучга киради. 2027 йилдан эса қоида барча мамлакатлар учун амал қилади.