Душанбеда 25 август куни Тожикистон мустақиллик байрами арафасида давлат мукофотлари топшириш маросими бўлиб ўтди. Президент Эмомали Раҳмон фан, тиббиёт, таълим, маданият ва тадбиркорлик соҳаларида хизмат кўрсатган 200 га яқин фуқарони давлат мукофотлари билан тақдирлади.
Мукофотланганлар орасида президентнинг қизи Озода Раҳмон ҳам бор. У президентнинг Ижроия аппарати раҳбари сифатида олиб бораётган фаолияти учун давлат ордени билан тақдирланган.
Озода Раҳмон 2005 йилда Тожикистоннинг АҚШдаги элчихонасида иш бошлаган. Кейинчалик турли лавозимларда фаолият юритиб, мамлакат сиёсий ва маъмурий соҳасида энг нуфузли шахслардан бирига айланган.
Президент Эмомали Раҳмон маросимда нутқ сўзлаб, тақдирланганларнинг юрт тараққиётига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, мукофотлар мамлакат тараққиётига хизмат қилган барча фидоийларни рағбатлантириш мақсадида берилади.
Тожикистон оммавий ахборот воситалари Озода Раҳмонни мамлакатдаги энг таъсирчан аёллардан бири сифатида тилга олади. Унинг сиёсий майдондаги нуфузи ортиб бораётгани кўп маротаба қайд этилган.