Uzbekistan Airways эндиликда рейсга улгурмасангиз қайтиш чиптангизни бекор қилмайди

12:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Uzbekistan Airways ички йўналишларда амал қиладиган йўловчи ташиш қоидаларига ўзгариш киритди. Энди йўловчи биринчи рейсга чиқмаган тақдирда ҳам унинг қайтиш чиптаси бекор қилинмайди.

Uzbekistan airways

Бу қарор Рақобат қўмитасининг кўрсатмаси асосида қабул қилинди.

Жаҳон амалиётида кенг қўлланадиган қоидага кўра, икки томонлама чиптада биринчи парвоздан фойдаланилмаган ҳолда йўловчининг қайтиш йўналиши ҳам бекор қилинар эди. Uzbekistan Airways эса маҳаллий йўналишларда бу амалиётни тўхтатишини маълум қилди.

Янги тартибга кўра, йўловчи парвоздан воз кечиш ёки учиш санасини ўзгартириш нияти ҳақида авиакомпания агентига белгиланган муддатдан кечикмай хабар бериши керак. Бундай ҳолда чипта қайта расмийлаштирилади ёки дастлабки тариф шартларига кўра қайтарилади.

Агар йўловчи биринчи қатновга рўйхатдан ўтишга келмаса, лекин ташишни давом эттириш ниятини билдирмаган бўлса ҳам, у кейинги рейслардан чиптани қайта расмийлаштирмасдан фойдаланиши мумкин.

Бироқ, йўловчи фойдаланилмаган қатновлар учун тўловни қайтариш ёки қайта расмийлаштиришни талаб қилганда, авиакомпания биринчи парвоз купонлари қийматининг 100 фоизини жарима сифатида ушлаб қолади. Шу билан бирга, аэропорт ва авиакомпания йиғимлари миқдори қайтарилади ёки қайта расмийлаштирилади.