Украина кенг кўламли зарба билан Россиянинг нефт заводларини ишдан чиқарди

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Сўнгги кунларда Украина амалга оширган ҳужумлар натижасида Россиянинг 10 га яқин нефт заводи ишдан чиқиб, умумий қайта ишлаш қуввати 17 фоизга қисқарди.

Rossiya neft

Украина дрон ҳужумлари орқали Россия нефт қайта ишлаш заводларига ва экспорт инфратузилмасига кучли зарбалар йўллаб, Кремл иқтисодиётининг асосий соҳасига таъсир кўрсатди. Бу ҳужумлар АҚШнинг тинчлик музокаралари ташаббуси пайтида Киевнинг курашувчанлиги ва иқтисодий босимини кўрсатиш мақсадида амалга оширилгани таъкидланмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Зарбалар натижасида Новокуйбишевск, Саратов, Самара, Волгоград ва Сизран нефтезаводлари вақтинча тўлиқ тўхтаб қолди. Афипск, Славянск ва Новошахтинск НПЗлари ҳам зарар кўрди. Усть-Луганда газ конденсатини қайта ишлаш тўхтатилди, Рязан заводи эса ярим қувватини йўқотди.

Мутахассислар фикрича, ҳатто қисман қувват йўқотилиши Россиянинг ички бозорида ёқилғи тақчиллигига олиб келиши мумкин. Берлиндеги Карнеги маркази таҳлилчиси Сергей Вакуленко бу ҳолат бензин таъминотида жиддий муаммолар туғдириши мумкинлигини таъкидлади.

Аллақачон айрим ҳудудларда бензин етишмаслиги кузатилмоқда. Хусусан, Сахалин вилоятига қарашли Курил туман ҳокими Константин Истомин аҳоли учун АИ-92 бензини савдоси вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Захиралар махсус техника учун сақланмоқда.

Россия ҳукумати бензин экспортини август охиригача тўлиқ тақиқлади. Бу қарор ички бозорда мавсумий талаб юқори бўлган даврда ёқилғи барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Шунга қарамай, бозор иштирокчилари август-сентябрда узилишлар ва нарх ошиши эҳтимоли юқори эканини қайд этмоқда.