Оқ уйда Ғазо бўйича муҳокама йиғилиши бўлади — Уиткофф

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп раислигида Ғазо бўйича йиғилиш ташкил этилиши кутилмоқда. Йиғилиш тафсилотлари ошкор этилмаган бўлса-да, Вашингтон уруш йил охиригача тугашига умид қилмоқда.

Uitkoff

Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили — Стив Уиткофф Fox News телеканалига берган интервюсида бу ҳақда маълум қилди. (https://www.foxnews.com/video/6377460562112)

«Эртага Оқ уйда президент раислигида катта йиғилишимиз бор ва биз эртанги кунга жуда кенг қамровли режа тайёрлаяпмиз. Биз бу масалани бир йўл билан бўлмаса бошқа йўл билан, албатта йил охиригача ҳал қиламиз, деб ўйлаймиз» — дейди Уиткофф

Унинг айтишича, Исроил Ҳамас билан музокараларни давом эттиришга тайёр, Ҳамас ҳам келишувга очиқлигини билдирган. Шу куннинг ўзида АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтонда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан учрашиши режалаштирилган.

Reuters ёзишича, Трамп сайлов компаниясида ва президентликнинг дастлабки ойларида Ғазодаги урушни тез тугатишга ваъда берганди. Бироқ етти ой ўтса-да, мақсад амалга ошмаган. Трамп президент сифатида фаолиятини сулҳ билан бошлаган эди, лекин у икки ойдаёқ якунланди.

Сўнгги ҳафталарда Ғазодаги очликдан азият чекишаётган фаластинликлар, айниқса болалар сурати халқаро ҳамжамиятни қўзғатди. 25 август куни Исроил армиясининг Нассер шифохонасига зарбаси 21 киши, жумладан, 6 журналистнинг ўлимига олиб келди. Бу ҳолатни Бинямин Нетаняҳу «фожиали хато» деб атади, Трамп эса вазият яқин ҳафталарда яхшиланишига ишонч билдирди.

2023 йил октябрдан буён Исроилнинг ҳужумлари натижасида 62 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Бу очлик инқирози ва оммавий кўчишга сабаб бўлди, шу билан бирга Исроилга нисбатан геноцид айбловларини кучайтирди. Айни пайтда Исроилнинг ўзида ҳам урушга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.