Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung нашри манбасига кўра, Моди Вашингтоннинг Ҳиндистон иқтисодиёти ҳақидаги танқидлари ҳамда ҳинд товарларига 25 фоизлик қўшимча бож жорий қилгани учун очиқчасига ранжиган.
Шу қарор билан 27 августдан бошлаб АҚШга Ҳиндистондан олиб кириладиган маҳсулотларга умумий бож ставкаси 50 фоизга етади. Ню Деҳлида бу чоралар «ҳақсиз ва асоссиз» деб баҳоланган ва Ҳиндистон Америка босимига қарамай Россия нефт маҳсулотларини харид қилишни давом эттирган.
FAZ маълумотига кўра, янги тарифлар кучга киришидан олдин АҚШ делегацияси Ҳиндистонга савдо музокаралари учун ташриф буюриши керак эди, бироқ бу ташриф бекор қилинган.
Трампнинг яқинда Покистон билан муносабатларни ривожлантириш истаги ва бу мамлакат билан ярашув эълон қилиши ҳам Ню Деҳлида норозиликка сабаб бўлган.
Бу Вашингтоннинг Ҳиндистонни «Ҳинд-Тинч океани алянси»да Хитойни чеклашда асосий ўйинчи сифатида кўриш концепциясига зарба берди, деб таъкидлайди Ню Йоркдаги Ҳиндистон-Хитой институти ҳамдиректори Марк Фрейзер.
Фрейзерга кўра, Ҳиндистон Хитойни тўхтатиш мажбуриятини ўз зиммасига олишни истамайди, чунки икки давлат ўзаро стратегик манфаатларга эга ва Хитой сармоялари Ҳиндистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаши мумкин.
Вашингтон билан тортишувлар фонида Моди етти йил ичида илк бор Хитойга расмий ташриф буюрди. Ташриф якунлари бўйича Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи икки мамлакат чегарасини делимитация қилиш бўйича музокаралар бошлашда келишувга эришилганини маълум қилди.