Яна бир кўл 20 кун ичида йўқ бўлиб кетади, Каспий денгизини ҳам шу тақдир кутмоқда

21:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Кўлнинг қуриши Ғарбий ва Шарқий Озарбайжон аҳолисининг соғлиғига, нафас олиш тизими ва санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, шунингдек генетик хавфларни ҳам оширади.

Iran

Эронда сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш ва глобал исиш оқибатида сўнгги пайтларда тез саёзлашиб бораётган Урмия кўли яқин келажакда бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳақида огоҳлантириш берилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир вақтлар дунёдаги энг йирик шўр кўллардан бири ҳисобланган бу сув ҳавзаси бугунги кунда атиги 100 миллион куб метр сувни ўз ичига олиб, 200 квадрат километр майдонни эгаллайди. Кўлнинг энг чуқур жойи эса бор-йўғи ярим метрни ташкил этади.

Эроннинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилоти собиқ раҳбари Исо Калантари вазиятни «ҳалокатли» деб баҳолаб, кўл 20 кун ичида буғланиб кетишини таъкидлади. У кўлнинг саёзлашишига асосий сабаблар сифатида тўғонларнинг ҳаддан ташқари қурилиши, қишлоқ хўжалиги майдонларининг нооқилона кенгайтирилиши ва сув ресурсларига бўлган экологик ҳуқуқларни таъминлай олмасликни кўрсатиб ўтди.

Калантари огоҳлантирганидек, улкан туз захираларини ўз ичига олган Урмия туби тўлиқ қуригандан сўнг заҳарли чанг манбаига айланади. Бу эса Ғарбий ва Шарқий Озарбайжон аҳолисининг соғлиғига, жумладан нафас олиш тизими, санитария ҳолати ва генетик хавфлар каби таҳдидлар солади.

Урмиянинг ҳалокати муқаррар кўринса-да, Каспий денгизи ҳам кенг кўламли экологик фалокатга олиб келувчи жараёнларга дуч келмоқда. Илгари хабар қилинганидек, Каспий сатҳининг кескин пасайиши унинг сув юзаси майдонининг 30 минг квадрат километрдан ортиқроқ қисқаришига сабаб бўлди.

Саёзлик Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжон портлари орасидаги юк ташишни қийинлаштирди, чунки кемалар тўлиқ юкланиш имкониятига эга эмас.

Мутахассисларнинг башоратларига кўра, жорий йилда Каспий денгизи сатҳи сўнгги беш йилдаги энг тез суръатда пасайишда давом этади. Бунинг сабаби макроминтақада ёғингарчилик миқдорининг камлиги. Денгизнинг энг саёз қисми шимолда, энг серсув қисми эса жанубда, Эрон қирғоқлари яқинида жойлашган. Башоратларга кўра, йил охиригача Каспий сатҳи яна 25-30 сантиметрга пасаяди, 2030 йилга келиб эса бу кўрсаткич бир метрдан ҳам ошиб кетиши мумкин.