Европа Россияга ёрдам бераётган давлатларга ҳам санкция қўллашга тайёр

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи илк бор иккиламчи санкциялар жорий этиш имконини кўриб чиқмоқда. Чекловлар Россияга ёрдам бераётган давлатларга қарши жорий этилади.

Sanctions eu

Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар тўплами доирасида илк бор иккиламчи санкциялар жорий этиш имконини кўриб чиқмоқда. Bloomberg маълумотига кўра, ЕИ ташқи ишлар вазирлари шу ҳафта охирида Копенҳагенда йиғилиб, бу борадаги режаларни муҳокама қилади.

Янги санкциялар, хусусан, Россияга амалда ёрдам бераётган учинчи давлатларга қарши йўналтирилади. Гап санкцияларни айланиб ўтишда воситачи бўлаётган давлатлар ҳақида кетмоқда. Европа Иттифоқи бундай ҳолатларни «мажбурлашга қарши кураш воситаси» орқали чеклашни таклиф қилмоқда. Унга кўра, ЕИ Россияга ёрдам берувчи давлатларга айрим товарлар экспортини тақиқлаши мумкин бўлади.

Bloomberg манбалари қайд этишича, Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакети доирасида нафақат учинчи давлатларга, балки Россиянинг нефт-газ ва молия секторларига нисбатан ҳам янги чекловлар кўзда тутилмоқда. Улар орасида Россия фондлари ва банкларига қарши санкциялар, айниқса, «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» бўйича барча операцияларни тўлиқ тақиқлаш каби чоралар аллақачон қўлланган.

Европа Иттифоқи санкцияларнинг 19-пакетини сентябрга қадар қабул қилишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 18-пакет 18 нафар шахс ва 41 юридик шахсга нисбатан санкцияларни ўз ичига олган эди. Шунингдек, у Россия хомашёсида тайёрланган нефт маҳсулотларига, Ҳиндистондаги «Вадинар» нефть заводига ва Россия тижорат банкларига қарши чекловларни қамраб олган.