Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 28 август соат 9:35 ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 38 миллион кишини ташкил этди. Бу аҳоли сонидаги янги тарихий белги сифатида қайд этилди.
Расмий маълумотга кўра, аҳоли таркибининг 19 миллион 136 минг 800 нафари эркаклар бўлса, 18 миллион 863 минг 200 нафари аёллардир. Шунга кўра, мамлакатда эркаклар сони аёлларга нисбатан 273 минг 600 нафарга кўп экани қайд этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳоли ўсиш суръати юқори сақланмоқда. Мутасаддиларнинг қайд этишича, аҳоли сонидаги барқарор ўсиш меҳнат бозори, ижтимоий инфратузилма ва иқтисодий сиёсатда янада кенг қамровли чоралар талаб этади.
Мамлакат аҳолиси 2020 йилда 34 миллиондан ошиб, 2022 йилда 36 миллионга яқинлашган, 2024 йилда эса 37 миллиондан ошган эди. 2025 йилда 38 миллионлик кўрсаткичнинг қайд этилиши демографик босим ортиб бораётганини яна бир бор кўрсатди.