Хорижий юк машиналариининг Ўзбекистонда юриши учун тўловлар миқдори камайтирилди

10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Оғир юкли ва йирик габаритли транспорт воситалари учун ариза кўриб чиқиш ва рухсатнома тўловлари қарийб 1,4 баробарга қисқартирилди.

Yuk mashinalari

Ўзбекистон ҳудудида ҳаракатланадиган оғир юк машиналари учун йўл тўловлари 1,4 баробарга пасайтирилди. Ҳукумат қарорига мувофиқ, хорижий давлатларга тегишли оғир юкли ва катта ҳажмли транспорт воситалари Ўзбекистон ҳудудида ҳаракатланиши учун тўлов миқдорлари қайта белгиланди. Янги тартибга кўра, транспорт воситаси умумий массаси рухсат этилган меъёрдан ошиб кетганда белгиланадиган тўлов ставкалари қайта кўриб чиқилди.

Энг кам ҳолатда — оғирлиги 5 тоннадан ошиб кетганда, юрилган ҳар бир километр учун БҲМнинг 0,08 фоизи, энг кўпи 50 тоннадан ортиқ вазндагилар учун эса БҲМнинг 4,22 фоизи тўланади. Бу эса амалдаги тарифларнинг сезиларли даражада пасайишини англатади.

Шунингдек, оғир юкли ва йирик габаритли транспорт воситалари учун ариза кўриб чиқиш, йўналишни келишиш ва рухсатнома бериш хизматлари ҳам арзонлаштирилди. Энди 100 км масофагача БҲМнинг 54 фоизи, ҳар бир кейинги километр учун эса БҲМнинг 0,24 фоизи ҳисобланади.

Илгари мазкур тўловлар 100 км учун 25 доллар ва кейинги ҳар бир километр учун 0,11 доллар миқдорида белгиланган эди. Янги қарор хорижий автоташувчилар харажатларини қисқартиради, шу билан бирга Ўзбекистон транзит имкониятларини рақобатбардошроқ қилади.