Исроил ёзда Эроннинг ядровий дастурига қарши ҳарбий ҳужум бошлаганига қарамай, мамлакатда кутилган халқ қўзғолони рўй бермади. Вашингтондаги сиёсатчилар неча йиллар давомида халқ Эрондаги диний режимини ағдаришга тайёр, фақатгина имконият керак, деган фаоллар ва мухолифатчиларнинг гапларини такророаб. Аммо ҳеч қандай кескин ҳаракат кузатилмади, деб ёзмоқда The National Interest.
Исроил ҳатто Эрон полиция тизимининг асосий таянчи саналган «Басиж» милицияси қароргоҳларини нишонга олганида ҳам кўчаларда жимжитлик сақланди. Бу ҳолат Вашингтон расмийларини шунга ишонтирдики — ҳозирча Эронда сиёсий жиҳатдан фаол ва таъсирли бошқа куч йўқ. Ҳукумат эса ҳозирги режими билан яқин йилларда ўз ўрнини сақлаб қолади.
Нидерландиядаги GAMAAN сайлов институти ўтказган янги тадқиқот Эрон ҳақидаги вазият анча мураккаб эканини кўрсатди. Ўтган ёзда интернет орқали, махсус воситалар ёрдамида ўтказилган сўровда 20 мингдан ортиқ эронлик иштирок этди ва натижалар мамлакатнинг келажак йўналишини ёритиб берди.
Сўровга кўра, эронликларнинг кўпчилиги амалдаги клерикал тузумни муваффақиятсиз, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг қарийб 70 фоизи «Ислом Республикаси давом этишига қарши» эканини билдирган. Шунингдек, 40 фоизи режимнинг қулаши ўзгаришлар учун зарурий шарт деб ҳисоблайди.
GAMAAN сўровномасига кўра, Ислом Республикасига қаршилик айниқса ёшлар, шаҳар аҳолиси ва олий маълумотлилар орасида кучли. Бу эса Эроннинг 92,5 миллион аҳолиси ичидаги энг фаол ва таъсирчан қатламни ташкил этади.
Экспертларнинг таъкидлашича, Эрон катта демократик салоҳиятга эга. Хусусан, сўровномада иштирокчиларнинг 89 фоизи демократияни ҳозирги диний тузумга муқобил бошқарув шакли сифатида қўллаб-қувватлаган. Ҳисоботда айтилишича, бу кўрсаткич Эрон келажаги учун «демократия фойдасига миллий келишув»ни англатади.
Бироқ бундай келажак кафолатланган эмас. Чунки аҳолининг қарийб ярми (43 фоизи) ҳозирги бошқарув тизими, яъни кучли шахсий раҳбарнинг авторитар бошқарувини ҳам қўллаб-қувватлашини билдирган. Бундай қарашлар асосан қишлоқ аҳолиси ва кам маълумотли қатламлар орасида кенг тарқалган.
Эронликларнинг аксарияти диний қонунларга асосланган янги ҳукуматни ҳам, ҳарбий бошқарувни ҳам қабул қилмайди. Сўровда қатнашганларнинг 66 фоизи янги диний тизимни «ёмон» деб баҳолаган. Шунингдек, 71 фоизи мамлакат ҳарбийлар қўлига ўтишига қарши эканини билдирган.
Трамп маъмурияти Эрон бўйича кейинги қадамларини белгилаётган бир пайтда бу маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Оқ уй ҳозирча Эронда режимни ўзгартириш ниятида эмаслигини очиқ айтган. Аксинча, унинг асосий саъй-ҳаракатлари Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда Эрон режимига босимни кучайтиришга қаратилган. Бунинг учун ядровий келишувни қайта муҳокама қилиш ва зарурат туғилганда кўп томонлама иқтисодий санкцияларни қайта тиклаш («snapback») таҳдиди ишлатилмоқда.
Ҳозирча Эрон сиёсатига реал муқобил вариант йўқ. Мухолифат ҳали ҳам бўлиниб кетган ва тартибсиз бўлиб, яқин келажакда ҳукмрон элита учун катта хавф туғдирмайди.
Клерикал режим — бу давлат бошқаруви диний раҳбарлар қўлида бўлган сиёсий тизимдир. Бундай тузумда давлат қонунлари ва сиёсий қарорлар асосан диний меъёрларга асосланади ва диний раҳбарларнинг талқинига бўйсунади. Клерикал тизимда энг юқори ҳокимият диний уламоларга берилади, улар нафақат диний масалаларда, балки сиёсат, иқтисод ва жамият ҳаётида ҳам асосий қарор қабул қилувчилар бўлиб чиқади.
Бу ҳолатда давлатнинг барча муассасалари диний мафкурага хизмат қилади: мактабларда диний таълим устун бўлади, ОАВда диний ғоялар тарғиб қилинади, сиёсий ва шахсий эркинликлар эса кўпинча чеклаб қўйилади. Масалан, аёлларнинг кийиниш қоидалари ёки жамиятдаги маълум хулқ-атвор нормалари диний талабларга мувофиқ равишда мажбурий қилиб қўйилади.
Бугунги кунда бундай тизимнинг энг яққол намунаси сифатида Эрон Ислом Республикасини кўрсатиш мумкин. У ерда олий ҳокимият диний раҳбар — «Олий Раҳбар» қўлида бўлиб, у ҳукумат, парламент ва суд тизимидан ҳам юқорида туради. Шу сабабли клерикал режим одатда авторитар тузум сифатида баҳоланади, чунки унда халқнинг сиёсий иродаси чекланган, демократия принциплари эса тўлиқ амалга ошмайди.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.