Тошкент метросида касса оператори лавозимлари босқичма-босқич тугатилади. Бу ҳақда «Toshkent metropoliteni» ДУК хабар берди. Тошкент метрополитенида йўловчилар учун электрон тўлов тизимлари ва автоматлаштирилган чипта сотиш банкоматлари жорий этилаётгани сабабли касса операторларига бўлган эҳтиёж тобора камаймоқда.
Расмий маълумотларга кўра, дастлабки босқичда 204 нафар касса оператори штати қисқартирилди. Бу жараён метро бекатларида чипта сотишда замонавий электрон хизматларни кенг йўлга қўйиш билан боғлиқ.
Йил якунига қадар пойтахтдаги барча метро бекатларида автоматлаштирилган банкоматлар ўрнатилиши белгиланган. Ушбу жараёндан сўнг касса оператори ҳамда катта оператор лавозимлари бутунлай тугатилади.
Метрополитен маъмуриятига кўра, электрон тўлов тизимлари йўловчилар учун қулайлик ва шаффофликни таъминлайди. Бу орқали тўлов жараёни тезлашиб, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, рақамли ечимлар транспорт тизимини модернизация қилиш, харажатларни қисқартириш ва хизматларни автоматлаштиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Лавозими қисқартирилаётган ходимларга эса ўз истак ва имкониятларидан келиб чиқиб, бухгалтерия, тикувчилик, қандолатчилик каби йўналишлар бўйича касб-ҳунар ўрганиш курсларида ўқиш таклиф қилинади. Курслар тўловини «Тошкент метрополитени» ДУК тўлиқ қоплайди.
Эсдатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метросининг 13 та бекатида кассалар ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.