Ўзбекистон яна ATR-72-600 самолётларини харид қилмоқчи

12:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Франция-Италия қўшма корхонаси Ўзбекистонга яна ATR турбовинтли учоқларини етказиб беришни режалаштирмоқда. Шунингдек, авиатехникага хизмат кўрсатувчи марказлар ташкил этилади.

Silkavia atr72 600

27 август куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Акрам Алиев Франциянинг Airbus ва ATR компаниялари вице-президентлари Жак Гарриг ҳамда Жером Габори бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда фуқаролик авиациясидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, самолётлар хариди, парвозлар географиясини ошириш, туризмни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Акрам Алиев компания раҳбарлари билан юртимизда техник хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш ва халқаро стандартлар асосида авиация ходимларини тайёрлаш дастурларини йўлга қўйиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

2022 йил октябрда Президент Шавкат Мирзиёев ATR самолётларини харид қилиш учун 50 млн доллар миқдорида кредит ажратилишини маъқуллаган эди. 2023 йил мартда биринчи самолёт Ўзбекистонга етказилган.

Шундан сўнг Uzbekistan Airways Airbus копорацияси билан 12 самолёт ва 2 вертолёт хариди бўйича 815,3 млн долларлик шартнома ҳам тузган эди.

1981 йилда Airbus ва Италиянинг Leonardo компанияси билан қўшма корхона сифатида ташкил этилган ATR бугунги кунда турбовинтли маҳаллий йўналишларга парвоз қилувчи самолётлар ишлаб чиқаришда жаҳон етакчиси ҳисобланади. Компания фаолияти давомида 100 дан ортиқ мамлакатдаги 200 дан ортиқ авиакомпанияга 1700 дан зиёд самолёт етказиб берди.

Айни пайтда Silk Avia авиакомпанияси ихтиёрида 5 та ATR-72-600 самолётлари мавжуд бўлиб, бу учоқлардан асосан Ўзбекистонда ички рейсларда, шунингдек, Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилидаги Томчи аэропортига парвозларда фойдаланиб келинади. Унинг ўз саҳнига 70 нафар йўловчи олади.

Silk Avia аввалроқ 1 сентябрдан 24 октябргача Наманган шаҳрига парвозлар тўхтатилиши, Термиз, Бухоро, Фарғона ва Навоий шаҳарларига қатновлар сони техник сабабларга кўра қисқартирлишини хабар қилган эди.