Янги AirPods Pro 3 юрак уришини кузатиш функцияси билан чиқади

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Apple янги AirPods Pro 3 ни нафaқat қулоқчин, балки соғлиқни кузатувчи шахсий ассистентга айлантирмоқчи.

Air pods pro 3

Apple яқинда AirPods Pro 3 ни юрак уришини кузатиш функцияси билан тақдим этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg инсайдери Марк Гурман хабар берди. Маълумотларга кўра, қулоқчинларда ўрнатилган LED оптик сенсорлар юрак уришини қон оқими орқали ўлчайди ва маълумотни iPhone’даги Health иловасига узатади.

Apple бу технологияни аввалроқ Powerbeats Pro 2 қулоқчинларида жорий этган эди. AirPods Pro 3 ҳам шу тизим асосида ишлайди ва фитнес иловалари билан интеграцияда фойдаланувчига машқ пайтида юрак фаолияти ҳақида аниқ маълумот тақдим этади. Агар бир вақтнинг ўзида Apple Watch тақилса, маълумот стандарт ҳолда соат орқали синхронлашиши мумкин.

Янги авлод AirPods Pro наfaqat соғлиқни кузатиш имконияти билан, балки яхшиланган овоз сифати, шовқинни самарали блоклаш функцияси ва янгиланган дизайн билан ҳам фарқ қилади.

Эслатиб ўтамиз, AirPods Pro 2 илк бор 2022 йил сентябрда чиқарилган ва 2023 йилда USB-C қувватланиш қутиси ҳамда бир нечта қўшимча янгиланишлар билан янгиланган эди. Apple 9 сентябрдаги катта тақдимотида iPhone 17, Apple Watch Series 11, Ultra 3 ва AirPods Pro 3 ни намойиш этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Apple компанияси iPhone 17 модели тақдимотини 9 сентябр куни ўтказиши ҳақида хабар берган эдик.