Пекинда Ғалабанинг 80 йиллиги парадига 26 давлат раҳбари ташриф буюриши кутилмоқда

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

3 сентябр куни Тиананмэн майдонида ўтадиган тарихий парадга Владимир Путин, Ким Чен Ин ва бошқа йирик давлат раҳбарлари ташриф буюради. Маросимда Ўзбекистон раҳбари ҳам иштирок этади.

Xitoyda parat

Хитой пойтахти Пекин 3 сентябр куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан йирик ҳарбий парадга мезбонлик қилади. Маросимда дунёдаги 26 давлат раҳбари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениеси хабар берди.

Парадда энг катта диққат Россия президенти Владимир Путиннинг иштирокида бўлади. Шунингдек, Корея Халқ Демократик Республикаси раҳбари Ким Чен Ин, Белоруссия, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Мўғулистон, Виетнам ва Индонезия давлат раҳбарлари ҳам маросимга ташриф буюради.

Бундан ташқари, Арманистон, Покистон, Малайзия ва Словакия бош вазирлари ҳамда Камбоджа қироли, Лаос Халқ инқилобий партияси бош котиби, Куба Коммунистик партияси биринчи котиби ва Мянма президенти вазифасини бажарувчи маросимда иштирок этади.

Парад Пекин марказидаги машҳур Тиананмэн майдонида бўлиб ўтади. Тадбир тахминан 70 дақиқа давом этади. Тантанада 45 та ҳарбий қўшин қатори намойиш этилиши режалаштирилган.

Тадбир Хитой халқи учун катта тарихий аҳамиятга эга. У «япон босқинчиларига қарши қаршилик урушида ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба»нинг 80 йиллигига бағишланади. Парад орқали мамлакат ўзининг ҳарбий қудрати ва халқаро нуфузини намоён қилишни мақсад қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 31 август-1 сентябр кунлари Хитойнинг Тианжин шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг XXV саммити бўлиб ўтади. Унда 23 та давлат раҳбарларининг иштироки кутилмоқда.