UZCARD тизими ишламай қолди

14:37 | 2 дақиқада ўқилади.

Компания тизимда профилактика ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Uzcard

Aйни пайтда Uzcard тўлов тизими ишламаётгани маълум бўлди. Фуқаролар карталаридан мобил иловалар ёки терминаллар орқали тўлов амалга ошира олмаяпти. Шунингдек, Uzcard’нинг расмий веб-сайти ҳам ишдан чиққани хабар қилинмоқда. Компания UZCARD тўлов тизимида режадан ташқари профилактика ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Маълумотларига кўра, профилактика ишлари сабабли банкоматлар (ATM), E-POS ва POS терминаллари ишида вақтинча узилишлар кузатилиши мумкин. Шунингдек, халқаро банк карталари ва чет элда кобейджинг карталаридан фойдаланишда ҳам муаммолар кузатилиши мумкинлиги айтилган.

UZCARD сайти ишида ҳам вақтинча носозлик қайд этилмоқда. Компания ходимлари тизим барқарорлигини тиклаш устида иш олиб бораётгани билдирилди.

Ташкилот фуқаролардан вақтинча ноқулайликлар учун узр сўраб, муаммолар тез орада бартараф этилишини маълум қилди.

UZCARD — мамлакатда энг йирик тўлов тизимларидан бири бўлиб, унинг ишидаги узилишлар аҳоли ва бизнеснинг кундалик молиявий фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин.