Осиё тараққиёт банки (OTБ) Ўзбекистонга CAREC йўл коридори 2 муҳим қисмларини модернизация қилиш учун 233,1 млн доллар миқдорида қарз ажратди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида маълум қилинди.
Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистондаги Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнов (А380) йўлининг тахминан 87 км қисми янгиланади. Шунингдек, 75 км узунликдаги янги Тўрткўл–Элликқалъа–Беруний айланма йўли қурилади ҳамда А380 трассасининг 12 км қисми қайта таъмирланади.
OTB маълумотига кўра, янги йўлларда цемент-бетон қопламалардан фойдаланилади, баланд қумли дамбаллар ва яхшилaнган дренаж тизимлари қурилади. Бу йўлларни иқлим ўзгаришларига бардошли қилиш ва экстремал об-ҳаво шароитида ҳам хавфсиз ҳаракатланиш имконини бериш учун амалга оширилмоқда.
Банкнинг Ўзбекистон бўйича директори Канокпан Лао-Араянинг таъкидлашича, мазкур инвестиция мамлакатнинг минтақавий транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди ва Қорақалпоғистонда инклюзив иқтисодий ўсишга хизмат қилади. Унга кўра, иқлимга чидамли инфратузилма ва ақлли транспорт тизимлари узоқ муддатли барқарорликни таъминлайди.
Лойиҳа амалга ошиши натижасида сафар вақтлари қисқариши, йўлларда хавфсизлик ошиши ва аҳоли ҳамда бизнес учун қулай транспорт шароити яратилиши кутилмоқда.