«Евроосиё банки» Ўзбекистондаги фаолиятини тугатишини эълон қилди — сабаблар

17:30 | 8 дақиқада ўқилади.

«Евроосиё банки» устав капиталини талаб этилган даражага етказмагани ва қонунчилик талабларини бажармагани учун фаолияти тўхтатилди. Шу билан бирга, банк атрофида бошқа низолар ҳам авжида.

Eurasian bank shadiev

Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Евроосиё банки» («Eurasian bank») акциядорлик жамиятидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни қайтариб олганини эълон қилди.

«Банк томонидан устав капитали миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам талабларга мувофиқлаштирилмагани ҳамда банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бошқа талаблар бажарилмагани сабабли ушбу қарор қабул қилинди», деб хабар берган регулятор.

2023 йил апрелда президент банклар устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич оширишни назарда тутувчи қонунни имзолаган эди. Унга кўра, шу йилдан бошлаб энг қуйи чегара 500 млрд сўмга етказилган.

Аммо «Евроосиё банки» кредит ва депозит портфелини шакллантирмаган, жами капитали эса 104 млрд сўмни ташкил қилган. Бундан ташқари, биринчи ярим йилликни 51,6 млрд сўм зарар билан ёпган.

Юқоридаги асослар туфайли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қозоғистонлик инвесторларга тегишли «Евроосиё банки»ни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Ташкилотдаги низо

Бу фақат банк билан боғлиқ ягона ҳолат эмас. Kursiv KZ’нинг маълум қилишича, Олмаотада «Евроосиё молиявий компанияси»нинг акциядори бўлган Паттоҳ Шодиев «Евроосиё банки» ва «Евроосиё» суғурта компанияси юзасидан ўзаро судлашмоқда. 

Унда компания кузатув кенгашининг 2 июндаги қарорларини «ҳақиқий эмас» деб топиши ва навбатдан ташқари акциядорлар йиғилишини ўтказиш талаб қилинган. Суд Шодиевнинг таъминoт чоралари ҳақидаги илтимосини рад этди, чунки бу компания фаолиятини «издан чиқариши» мумкинлиги айтган.

Шунга ўхшаш даъво билан кейинроқ «Евроосиё молиявий компанияси»га марҳум Алижан Ибрагимовнинг ўғли Шуҳрат Ибрагимов ҳам мурожаат қилган. У аксинча, кузатув кенгаши қарорларини ҳақиқий деб топиш ва компанияни уларни бажаришга мажбурлашни талаб қилган. Ибрагимовнинг ўзи ҳам кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Ибрагимов ва Шодиев ўртасидаги келишмовчиликлар йил бошидаёқ бошланган. Шодиев ва Машкевич «Евроосиё молиявий компанияси»ни сотишни режалаштирган бўлса, Ибрагимов бу қарорга қарши чиққан. У судга мурожаат қилиб, «Евроосиё молиявий компанияси» тақдири ҳал қилиниши керак бўлган бир неча акциядорлар йиғилишларини бекор қилдирган.

Июл ойи охирида можарога Шодиевнинг қизи Муниса ҳам қўшилди. У учинчи шахс сифатида чиқиб, отасининг позициясини қўллаб-қувватламоқда. «Евроосиё молиявий компанияси»нинг ўзи эса кузатув кенгаши аъзолари – Ибрагимов ва Андрей Коповга қарши судга даъво киритган.

eGov.kz маълумотлари кўра, Евроосиё молия компанияси эса марҳум Алижан Ибрагимовнинг рафиқаси Муқаддасхон, Патоҳ Шодиев ва Александр Машкевичга (у 2025 йил 22 мартда вафот этган) тегишли.

«Eurasian bank» расмий сайтида ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатишини, асосий эътиборни Қозоғистон бозорига қаратишини маълум қилди.

«Евроосиё банки» АЖ Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатиши ҳақида маълум қилади. Бу қарор банк томонидан аввалроқ қабул қилинган стратегиянинг мантиқий якунланишидир. Унга мувофиқ, банк ўз ресурсларини Қозоғистондаги бизнесни ривожлантиришга йўналтирмоқда.

Ўзбекистондаги банкка инвестицияларни тўхтатиш ҳақидаги қарор назоратчи орган томонидан расман маълум қилинишидан анча олдин, банк бошқаруви ва кузатув кенгаши томонидан маъқулланган эди. Қозоғистон бозорига эътиборни кучайтириш орқали банк янги лойиҳаларни амалга ошириш ва мижозлар ҳамда ҳамкорлар учун катта салоҳиятга эга бўлган сегментларда ўз позицияларини мустаҳкамлашни мақсад қилган», дейилади расмий пресс-релизда.

«Евроосиё банки» ҳақида

Банк 1994 йилда Қозоғистонда ташкил қилинган. Бош офиси Алматида жойлашган. Ўзбекистонда банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия 2024 йилнинг 11 январь куни берилган.

Банк Ибрагимовлар оиласи (Муқаддасхон Ибрагимова, тадбиркор Алижан Ибрагимовнинг беваси), тадбиркорлар Александр Машкевич ва Фаттоҳ Шодиевлар бошчилигидаги «Евроосиё молия компанияси» гуруҳи таркибига киради.

Ўтган йилнинг январь-сентябр ойлари якунларига кўра, соф зарар 12,6 млрд сўмни, 2025 йилнинг биринчи ярим йилида эса 51,6 млрд сўмни ташкил этган.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.